Sayyod | Сана: Душанба, 13-Май-2013, 08:50 | Изох # 1 |
Рахбар
Гурух: РАХБАРИЯТ!
Изохлар: 1167
Тақдирланишлар: 0
Холати: Хозир йўқ
| Sayyod: Санъатни четдан оддий журналист эмас, ичидан қизиқиб, суриштириб қизиқадиган инсон сифатида саволим бор. Менимча сизга ёқмайди, лекин кўпчилик билан сухбат қуришдан олдин, бошқа тарафларни , воқеаларни эшитиб кўраман. Сизни шоу бизнесда кўпчиликнинг устидан куладиган инсон сифатида кўп гапиришади. Ўзингиз нима деб ўйлайсиз, сизда хам шунақа кимдир сизнинг устингиздан куладиган жихатларингиз камми? Ўлмас Оллоберганов: Ким бунақа информация берди билмадимку..
Sayyod: Кўрсатиб хам беришган қилиқларингизни. Шундай ёнингда жиддий бўлиб ўтирадиде, кетишинг билан сени пародия қилиб беради дейишади. Бир хил қилиб “копировать” қилиб бера оларкансиз ва бу гапни битта одам айтгани йўқ, кўпчиликдан эшитдим. Хаттоки, шу нарсани сиз Улуғбек Отажоновга хам юқтирган экансиз. Ўлмас Оллоберганов: Бу нарсани кўпчилик нотўғри тушунади, бу аслида кулги эмас. Бу характердан келиб чиқадиган хислат деб ўйлайман. Буни тагида бошқа гап бор, кулгига ўхшаб туюлиши мумкин албатта, лекин ундай эмас. Буни тушунтириб беролмайман. Бу нарсани тушуниш учун хам айнан шу нарсани ўрганиш керак бўлади.
Sayyod: Унинг учун одамда “юмор” бўлиши керак демоқчимисиз? Ўлмас Оллоберганов: Кулиш эмас, кўпчилик нотўғри информация бериб юборган. Менда хам, Улуғбекда хам йўқ бундай нарса.
Sayyod: Улуғбекда бор деб мен аниқ айта оламан, чунки ўзим гувохи бўлганман. Сизникини билмайман, кўрмаганман, лекин кўпчиликдан эшитганман. Продюсер Жахонгир: Булар кўпроқ “Копировать” қиладиларде. Ўлмас Оллоберганов: Мени ўзи болалигимдан лақабим “Клоун” бўлган. Ўша хамма нарсаларни ўхшатиб, қайтариб, хар хил хайвонларни хам қилиқларини қилиб, кўрган нарсаларимни ўзимда хам кўрсатиб бера олардим. Менда шунақа қобилият бўлган кичкиналигимдан.
Sayyod: Шунинг учун бир клипингизда Куклачев деган клоунга ўхшаб қолганмисиз, шляпаларда (кулади) у жуда машхур клоун, унга ўхшаттим лекин, унинг хам сочлари жингглак. Шунақа шляпа “бостириб” олади Ўлмас Оллоберганов: Бўлиши мумкин. Энди у клип хақида очиғини айтсам, айнан ўша кўпчиликка маъқул бўлмаган “Кетма” деган клипимиз, аслида ўзимга хам ёқмаган. Ўша кийимлар, жараён маъқул келмаган. Бу клипни, одамлар майли , ўша ёқмагани бўлса хам гапиришсин деган тушунча билан қилгандик.
Sayyod: Ашула хам ўзига тортиши керакку барибир.. Қўшиқ эсда қоладиган бўлди деб этолмайсиз Ўлмас Оллоберганов: Майли, нима бўлса хам яхшими ёки ёмонми, одамлар гапирсин дедик. Шунақа йўналиш бор эканку, шоу бизнесда. Хаммасига рози бўлганман.
Sayyod: Ха, бор бунақа йўналиш, нима бўлса хам гапирилсин деган мақсадида қилинади кўп нарсалар. Лекин унинг учун хеч бўлмаса қўшиқ омадли бўлиши керак. Шу нарсанинг атрофида айланиш учун хам. Қўшиқ эсда қолмайдиган бўлса, гап айлангани билан, эсда хам қолмайди, йўқ бўлиб кетаверади хаммаси. Мисол учун шунақа йўналишда нечта шов шув бўлган клипларни олсак, уларда қўшиқ омадли бўлган. Шунинг учун хам ёдда қолган. Сизнинг мусиқий савиянгизни биламиз, лекин бугунги кундаги савияни хам оширасизми? Бугунги кундаги одамлар талаб қилаётган савияни ўрганишга харакат қиласизми? Ўлмас Оллоберганов: Албатта. Бугунги даврнинг талабини тўғриси, тушунишга хам қабул қилишга хам кўпинча оқсайман. Ёқмайди менга. Хаммада хам бўладику, ёшларнинг кийимлари ёқмайди масалан, хозирги ёшларга маъқул келаётган қўшиқлар бизларга ёқмаслиги мумкин, худди шундай нарса бу хам. Мен хам бир икки маротаба айтишим мумкин адашиб, шундай ёшларбоп қўшиқни, лекин барибир хамма ўзини ишини қилиши керак деб ўйлайман.
Sayyod: Шоу бизнес шундай бир ўлка-ки, ўзини сўзини айта олади, бошқара олади. Масалан, Жасур Умиров фақатгина бақириб, ўзига хос бир омадли йўналишида ўзини кўрсатиб келяпти. У бошқаряпти шу йўналишини. Унга хам ўхшашни хохлайдиганлар чиқяпти. Кўплар уни тан олмаслиги мумкин, лекин у ўз “сўзи”ни ўтказяпти. Санъатдаги даврни бошқараётган Озодбекни олсак, унда бу бошқачароқ бўлса керак, чунки шоу бизнесда Юлдуз Усмонова, Озода йўқ бўлганидан кейин, ўшаларнинг халқона йўлида шартта чиқди, эркаги бўлди ва эплаб кетди. Бу мени шахсий фикрим!!! Тўғриси хам миллий йўналишда бунақа халқона қўшиқларни айтадиган хеч ким қолмаганди хам. Яна ким... Шахзода, майли у ўзиниг бренди билан. Райхон хам бренду, лекин кўпроқ дунё миқёсидаги омадли фишкаларни ўзбекчалаштириб, бизларга олиб кирмоқда. Улуғбек Рахматуллаев эса Киркоров стратегиясида. Шу тарафлама хам айтяпман, савияни ўрганишга харакат қиласизми деб. Кўпчиликнинг ишлари ёқмайди деяпсиз, бу хам ўзининг йўналишини бошқариш-да барибир. Сиз ўзингизнинг ишингизни шунақа бир ўзгача янгилик билан одамларга етказиб бера оласизми? Билмадим, арабча йўналишми, хинд ёки Эронми.. лекин унинг учун хит яратишингиз шарт бўлади. Ўлмас Оллоберганов: Мен ўзи фақат кўнглимга ёққан қўшиқни айтаман, у хит бўладими йўқми, менинг ишим хам бўлмайди.
Sayyod: Лекин тажрибачи? Ўзингизнинг иқтидорингизни яна хам кенгайтиришга, янги нарсаларни синаб кўриб, тажриба орттиришга харакат қиласизми? Ўлмас Оллоберганов: Хозир мана ярим йилдан бери деярли фақат шу концерт билан бандмиз, фақат шу бўйича ишлаяпмиз. Қўшиқлари ва жонли ижросида хамма эътиборим. Жахонгирга қайсидир қўшиқ ёқса, менга олиб келиб, эшитиб кўринг деб айтади. Кўпинча фикримиз бир хил бўлади. Унга ёққан қўшиқлар кўп холларда менга хам ёқади. Продюсер Жахонгир: Мен буларга 10 та қўшиқ олиб келсам, хали хеч бўлмаса ўшаларнинг ярми ёққан холат бўлмаган, битта ёки кўпи билан иккитаси ёқиши мумкин. Кейин маслахатлашамиз, хаммадан фикларини оламиз ва кейин қўшиқ ёзишга қиришамиз. Ўлмас акамга битта мос тушадиган, ёқадиган ашула топиб, уни айттириш жуда хам қийин. Ўлмас Оллоберганов: Хаётда шунақа қўшиқчилар борки, уларнинг мухлиси 100% бўлмаслиги мумкин, ўзига яраша, тушунадиган, ўзига мойил келадиган мухлислари бўлади албатта. Майли миллионта бўлмасин, юзта бўлсин. Лекин, юракдан бўлсин.
Sayyod: Қўшиқни танлаш борасида айтяпсизку, айнан хонандага ёқмаган қўшиқларни хит бўлгани хақида мен кўп бора эшитганман. Мисол, Юлдуз Усмонованинг “Санамгина” қўшиғи. Бу шунчаки 3 ёки 4 даражали ашула бўлиб, фақатгина альбом учун ёзилган экан. У альбомнинг номи хам бошқача бўлган. Лекин айнан шу қўшиқ хит бўлган. Сизларда қўшиқларни танлаётганиларда фақат иккалангиз маслахатлашиб, танлайсизларми? Ёки бутун ижодий жамоага хам эшиттириб, улардан хам фикрлари сўраладими? Продюсер Жахонгир: Албатта эшитириб кўрамиз. Бизнинг жамоада хаммаси профессионал ижодкорлар йиғилган.
Sayyod: Профессионал, тўғри, лекин яна ўша гапга қайтаман, шоу бизнеснинг ичидаги гапларни эшитганим учун хам, сухбатга хар тарафлама тайёрланиб келаман. Эшитишим бўйича, Ўлмас Оллобергановнинг ашулалари хит бўмаслигига унинг продюсери сабабчи экан. Продюсер фақатгина ўзига ёққан қўшиқларни айттиради. Унинг мусиқадан, умуман санъат сохасидан билими хам, тажрибаси хам йўқ, шунинг учун хам хамма ишлари омадсиз чиқяпти деб кўпчилик айтар экан. Шунга жавобингиз? Продюсер Жахонгир: Мана ўша клип ишланишидан олдин, мен “Оху қўз” ашуласини олинглар, шунга клип ишлаш таклифини бергандим. Жамоамиздаги бошқалар маслахатлашиб, “Сен кетма” қўшиғини танлашган, ўша шляпалик клипни. Жараёнга борганимда, ўша шляпаларни кўриб, тўғриси менга ёқмаган, бачкана кўринган. Лекин у ердаги ишчиларга ёққан хаммаси. Ана буларга ёққани учун, йўқ демаганман. Кейинги клипни олсак, дуэт қўшиқни рости, ўзлари хохламаган холда айтганлар, танқидлар хам кўп бўлган, фалончи билан айтса яхши бўларди деган фикрлар кўп эшитганман.
Sayyod: Ростдан хам шундайде. Продюсер Жахонгир: Мана шу қўшиқни мен айттирганман, негаки, у қиз менинг проектимда бўлгани учун, Ўлмас акам билан айтса у қизни "тортади" анча деб ўйлаб, шу дуэтни айттирганман.
Sayyod: Ўзи Ўлмасни "тортиш" керакку.. (Кулади) Продюсер: Тушунмадингиз, унақа маънода гапирмадим. Ўлмас акамда унга нисбатан мухлислари анча кўпку. Уларни танишади, билишади. У қизнинг овози мос келади, ўзлари биладилар, булар хам устозларку. Шу дуэт айтишларини сўраганимда, у қизни овозларини эшитиб кўриб, хоп деганлар. Лекин шу пайтгача улар қайсидир қўшиққа клип оламиз, ёки яна бошқа бирон ишни қилмоқчи бўлсалар, мен қаршилик қилмаганман, тўхтатмаганман. Мен фақат иш бўлишини хохлаганман.
Sayyod: Ўзингиз ким билан овоз бўйича мос келаман диб ўйлайсиз? Рейтинг бўйича эмас. Умуман хаммани олсак, фақат аёллар эмас, эркакларнинг ичидан хам, ким билан овозингиз мос келиб, дуэт айтсангиз омадли чиқади деб ўйлайсиз? Йўналиш жихатидан хам эмас, айнан овозини хисобга олганда. Ўлмас Оллоберганов: Ўзимизнинг ёшларимиздан, Юлдуз Турдиевани айта оламан. Юлдуз Турдиева билан ниятим бор дуэт куйлаш, у билан зўр қўшиқ яратса бўлади. Бизнинг мактабимиз битта.
Sayyod: Ха чиройли чиқиши мумкин.. Олдинги йилга концертингиздаги фишкалардан бири, томошабин сифатида нафақат мен, бошқалар хам айтишган, ўғлингиз билан айтилган туркча ашула бўлди. Жуда хам чиройли чиққан ва халқ хам яхши кутиб олди. Ўғлингизнинг иқтидорига хам кўпчилик тан беришди. Бу йил шунга ўхшаш фишкалардан нима бўлиши мумкин, халқнинг ёдида қолиш учун? Ўлмас Оллоберганов: Ўтган йили ўғлим билан туркча куйлаган бўлсак, бу йил ўзбекча қўшиқ хам тайёрлаганмиз. Бошқа дуэтлар йўқ менимча, Махзунанинг яккахон қўшиқлари бор, сўнг попуриимиз бор. Лекин ўша дуэтни кўпчилик сўраяпти айтинглар деб. Продюсер Жахонгир: Мана шу дуэт қўшиқ хит бўлди қайсидир маънода. Ўзимизни атрофдагилардан яхши фикрлар эшитдик. Мен масалан, сиз айтаётган қўшиқчилардан қўпини умуман танимайман. Қандай ашулалари борлигини хам билмайман, ишонасизми?!
Sayyod: Мана шундай кифояланиш бор, кўрдингизми? Сиз ва сизнинг атрофингиздагилар, таниш билишлар. Улар учун хам ўзини иши зўр, сизлар учун хам ўзингизнинг ишингиз зўр. Лекин четдан қарайдиган одамлар хам бор, масалан, журналистлар , улар бошқача фикрда ва нейтраллик четдан кўпроқ. Сиз фақат бир фикрни ушлаб олгансиз, у зўр! Ха, зўр, лекин рейтингда эмас фақат. Долзарблик йўқ. Продюсер Жахонгир: Мен тушуняпман буларнинг хаммасини. Колумб Американи қанақа қилиб топган? Бу бир кунда қилинган иш эмас, у ўша Берунийни ёзиб қолдирган тахминлари ёрдамида топган.
Sayyod: Бу гаплар керак эмасде. Москва бир кунда қурилмаган ёки шу кабилар. Бу Ўлмас Оллоберганов! Продюсер Жахонгир: Ха мен хам шунинг учун айтяпман, Бу Ўлмас Оллоберганов. У 4 йиллик танаффусдан кейин ижодни давом эттиряптилар. Хозирги ижодлари олдинги ижодларига ўхшамаган тарзда давомланяпти. Олдин 2 йил танаффус билан битта альбом чиққан.
Sayyod: Бундай фикрлаш нотўғримасми, олдин хеч нарса қилмаган, хозир нимадир қиляпмиз дейиш? Продюсер Жахонгир: Ман айтмоқчиманки, мана шунда хам ривожланиш кетяпти. Хар битта қўшиқлари бир кунда хит бўляпти деб айтолмайман албатта, лекин иш кетяпти. Хозир агар фикрлар хар хил бўладиган бўлса, буларнинг фикрлари хам шунга қараб ўзгариб қолиши мумкин. Хозир сизнинг гапингизга, эртага бошқаларнинг гапига фикрлар ўзгаради.
Sayyod: Жахонгир, битта ва аниқ гап сизга, “Зўрнинг хамма нарсаси зўр бўлиши керак!” Продюсер Жахонгир: Бўлади!
Sayyod: Олдин ундай бўлган, хозир бундай деганингиз хаммаси умуман керакмас гаплар. Продюсер Жахонгир: йўқ, бу гаплар керак хаммаси
Sayyod: Йўқ, керакмас! Зўрнинг хамма нарсаси зўр бўлиши керак, бошқа гаплар ортиқча! Бу гаплар кўпроқ Ўлмас акага тегишли, ўзларининг устиларида ишлашлари учун. Ўзлари тушунишлари керак, “Мен зўрманми, демак хамма тарафлама зўр бўлишим керак” деб. Бўлди зўрман, ўзим учун зўрман, бошқаси қизиқ эмас деган фикр бўлмаслиги керак. Чунки унда халқ билмай қолаверади бу хақида. Республика билмайди. Сизлар эса айнан шу республика миқёсида, улар учун ишлашингиз керак. Атрофдаги бир икки таниш билишлар учун эмас. Санъаткорсизку! Мана шу Республиканинг юзисиз. Агар сизда хеч бўлмаса Озодбекнинг давридака даври бўлганида, бу биласизми Ўзбекистон учун қанчалик фахр бўларди? Мана бу бизнинг Ўлмас Оллоберганов! Бошқа давлатлардагилардан хам кўришадику, мен боя бекорга тадбирлар демадим .. Давлат тадбирлари спутникдан бошқа давлатларда хам қўйилади. Хамма кўради бу байрамларни. Байрамнинг ўзига хам қанчадан қанча чет эллик мехмонлар ташриф буюради, улар хам кўрадику тадбирда қатнашаётганларни. Кимларнидир кўриб , айтишса хам керак “Шу хам санъаткорми?” деб. Жахон бозорига хеч қандай силжиш йўқдай. Лекин, тасаввур қилинг, Ўлмас Оллоберганов чиқяпти, шундай зўр овози бор. Кўришади, кейин элчихоналарга чақиришади.. Хаммаси бир бирига узвий боғлиқ нарсалар. Продюсер Жахонгир: Ўзи июн ойига биз 3 та давлатдан таклиф бўлганди. Биринчиси Англия давлатида бўлиши керак эди. Бошланишига деб айтишди, биздан фақатгина чиптани ўзингиз оласиз деб айтишди. Мен шуни хал қилаётган жойимда, олдин концертни ўтказволайлик деб, шу биринчи этапнинг ўзида тўхтатишди ишни. Энди Худо хохласа, бу режа август ойига қолди. Режамизда бор, мен хам худди сиз айтаётганингиздай ишимизни дунё миқёсида бўлишини хохлаяпман. Хозир шу режамизни амалга ошириш учун хамма нарса деярли тайёр, у ердан Ўлмас Оллобергановнинг ижоди хақида қизиқаётганлар бор. Ўзи бу иш июн ойида бўлиши керак эди, фақатгина шу концертни деб биз тўхтаб турибмиз. Ўлмас ака, “Мен улгуролмай қоламан” дедилар, чунки у ерда хам хаммаси жонлида бўлади. У ерда фақат тор, дутор, доира ва шу каби миллий инструментлар билангина концерт ўтказилади , электрон мусиқа асбоблари бўлмаслиги керак дейилгани учун, шундай гурух билан хам алохида ишланиши керак бўлди, бунга эса кўпроқ вақт керак бўлади. Хам концертни хам бу ишни бирда олиб боролмадик, энди концертни ўтказиб олиб, август ойининг 15 ─20 ларига режамизда бор. Хозирда Туркия билан хам келишув ишлари йўлга қўйилган. Мени ниятим хам сиз айтганингиздай, шу даражага чиқиш
Sayyod: Туркия деганингиз яна ўша трт –аваз каналида чиқишми? Хамма бориб куйлаб келяптику, у ерга мен хам бориб бемалол куйлаб кела оламан. Жуда осон бўлиб қолган (кулади) Продюсер Жахонгир: Йўқ, йўқ, унда хам эмас. Бизда сал бошқачароқ. Ха биламан, хамма шамоллаган бахонасини айтиб, жонли ижрода куйламас экан. Бир танишимдан Ўзбекистонда шамолламайдиган артист йўқми деб сўрашган хатто. (хамма кулади) Фақатгина Юлдуз Усманова зўр иштирок этиб қайтганлар.
Sayyod: Долзарблик мухим, айтиб ўтганимдек! Агар сизда хит бўлса, сиз хамма ерда зўрсиз! Шоу бизнесда айнан шунақа! Сизни пулингиз, иқтидорингиз роль ўйнамайди, фақатгина сиз долзарб бўлсангиз, санъатингиз ноль бўлса хам, лекин хитингиз бўлса, сиз энг зўрисиз. Хамма ерда эшиклар очиқ, хамма жойга таклиф қилишади. Мана масалан, туркча қўшиқларни қайта куйлаганларингизни биламан, 2 тасини эшитдим хам, улардан бирининг ўзбекча версияси хам бор экан, менга ёқди. Яна бир мисол, Улуғбек Рахматуллаев хам олган, лекин у олгани омадли чиққан. Барибир оларкансиз шундай қўшиқларни, нега шунақа “актуальный”сини танлаб олиб, қайта куйламайсиз? Ўлмас Оллоберганов: Мен ўзи бунақа сўз қўйиб қўшиқни ўзгартиришдан жуда хам кўрқаман, тўғриси. Менда виждон қийналади шу ишим учун.
Sayyod: Агар қўшиқ муаллифини айтсангиз, беркитмасангиз бўлди. Бу фақат менинг фикрим эмас, кўпчиликнинг фикри, агар шунақа қайта куйланган қўшиқлар оригиналидай ёки ундан хам аълороқ даражада айтолсангиз, бу хисобга ўтади дейилади. Лекин бузиб айтсангиз, унда керакмас дейишади. Масалан, Улуғбек Рахматуллаев “Лайлойимсан” қўшиғини оригиналини эшитсангиз, жуда чиройли қўшиқ аслида. Қайта ўзбекча куйланган тури аслига қараганда ночор ахволда. Лекин барибир хит бўлди. Ана ўша қўшиқни сиз куйлаганингизда, хит бўларди ха, ва менимча халолроқ хит бўларди. Хаққоний хит бўларди дея оламан. Сизда балки ўзингизнинг захирангизда бордур шунақа ғоялар? Продюсер Жахонгир: Ўлмас Оллоберганов агар хато қўшиқ айтса хамма гапиради. Лекин Озодбек Назарбеков ўша ашулани бузиб айтса, хеч ким хеч нарса демайди. Эшитиб хам кетаверишади. Ўлмас ака қайсидир ашулани ўзини тилида этганлар, агар ахамият берган бўлсангиз. Мп3 ларини орасида бўлиши керак, қайси тилда асли куйланган бўлса ўша тилда куйлайдилар. Ула ёқтирмайдилар бунақа ишларни. Менимча, профессионал даражадаги одам бу нарсани қилиши керак деб хисоблайман. Хозирги шоу бизнес вакилларини кўраман кўп, кўшиғининг муаллифи ўзи эмас, фалончи мусиқаси, фалончиси сўзи деб ёзилади. Мен эса бир нарсадан хурсанд бўламан, бизда эса жуда кўп холларда Ўлмас Оллоберганов шеъри фалончи мусиқаси, Бобур Бобомурод шеъри Ўлмас Оллоберганов мусиқаси деб, қўшиқлари деярли ўзлариники.
Sayyod: Бу албатта катта плюс ижодкор учун, лекин хонанда учун бу мажбурий нарса эмас. Хар кимнинг иқтидоридан келиб чиққан нарсалар хаммаси. Кимдадир шеър ёзиш, кимдир мусиқа, кимлардир умуман хар тарафлама, кимда эса фақат ижро махорати бор. Тўғри, бу мукаммаллик хам яхши албатта. Продюсер Жахонгир: У мактаб ва бу мактабнинг фарқи бор демоқчиман. Бу мактаб мен ўзим учун ўлмайдиган мактаб деб биламан. Мана хозирги ўша хитлар қанча муддат яшамоқда?
Sayyod: Хозирги пайтда 1 йилга бормаяпти Продюсер Жахонгир: Буни нимани хисобига деб ўйлайсиз?
Sayyod: Шоу бизнесда одам сонинг кўплиги, рақобатнинг кучлилиги фикримча. Продюсер Жахонгир: Ундан эмас, одамларнинг савияси пастлигидан. Санъатни шу даражада тушуна олмаганлигидан.
Sayyod: Лекин ўша санъатни тушунган ва савияси баландлар қани? Айтяпманку, шоу бизнесда ўша бошқарувчи бўлиб турганлар ўз сўзларини уқтира оладилар. Мана ўша зўр санъаткорларчи, биттаси у ерда, хамма атрофидагилари тарқалиб кетишди, уйда ўтирибди, студияси бор, унинг фойдаси йўқ, борми йўқми у студия. Билмайман, нега керак унга студия, тушунарсиз хуллас. Ўлмас Оллобергановга рахмат, хар холда йилдан йилга у бу ишларини кўряпмиз. Мана кўряпсизми, санъаткорлар нима ишлар билан банд? Яна бир жонли ижрода концерт бераётгани бошқасини танқид қилади. Нега ундай? Бир бириларни кўллаб кувватланг ундан кўра, бирга дуэт яратинглар. Продюсер Жахонгир: Ўлмас акам шу пайтгача бирор инсонни танқид қилганини кўрмаганман, менимча охиригача шундай бўлса керак. Кўп одамлардан эшитганман айнан Жахонгир тарафидан танқидларни, лекин булар хеч гапирмаганлар. Мақташмаску, лекин ростдан хам айнан шундай. Ўлмас Оллоберганов: Омадини берсин уни! Продюсер Жахонгир: Мен хам шунақа дейман. Хозирда айтишадику, олтин фондга кирадиган қўшиқларни, қани хозир кимнинг қўшиқлари киряпти? Балки бу санъатнинг ўта кенгайиб кетганлигиданми? Тўғри, хамма харакат қиляпти. Ўлмас Оллоберганов: Балки хозир замон шунақадир, мен хам билмайман. Продюсер Жахонгир: Хозир “Гўзалсан” қўшиғини нега олдириб ташладим тв каналларидан, чунки қишда олинган клип эди, сюжетлари асосан қорларда олинган. Хозирча концерт реламаси кетаяпти деб, бу клипни хозир тўхтатиб турибман. Кейинроқ қўйилади.
Sayyod: Қишнинг нима алоқаси бор? Қиш мавсумига мос клип бўлса, қўйиш мумкин эмасми? Ёки қиш келиб қоладими агар бу клип қўйилса? (кулади) Менимча қўйилгани яхшироқ эди, чунки хозир айнан бир хилликдан чарчаган пайтда, айнан қиш фаслини эслатадиган клип бўлса, яхши бўларди натижаси. Агар ундай бўлса, унда эфирдан хамма мавсумга мос бўлмаган киноларни хам, кўрсатувларни хам олиб ташлаш керак бўларди (кулади) Продюсер Жахонгир: Концертдан кейин яна клиплари қўйилади, айтиб ўтганимдек яна 2 та клип оламиз.
Sayyod: Бизнинг ўзбек санъаткорларимизга теккан касаллик бўлса керак бу, ўзининг зўрлигини билганидан сўнг, ўз устида ишламай қўяди. Мана сиз айтяпсизку ўзим учун билдим, ўзимнинг атрофимдагилар деяпсиз, йўқ ундай эмас, санъаткорнинг асосий вазифаси хам, мақсади хам бутун республика миқёсида ижод қилиш бўлиши керак. Бу нарса сиз учун кераклиги учунмас, бу нарса айнан шу халққа кераклигини тушуниб етиш керакдир? Улар билишлиги керак, мана бизда шундай санъаткор бор деб. Бу хам ватанпарварлик хисоб. Продюсер Жахонгир: Ўлмас акага бир таклиф хам бергандим, “Карабах” деган қўшиқни Юлдуз билан куйлаб кўринг деб, агар шуни куйлашганида концерт учун зўр чиқиш бўлар эди, фикримча. Йўқ, ўзимиз бошқа ўзбекча қўшиқ яратамиз, бизга бўлмайди деб, мана бу хам қолиб кетди. Кўряпсизми, шунчалик қайсар инсон. Ўлмас Оллоберганов: Ўзбекмиз ахир! (кулади)
Sayyod: Нима бўлибди? Худди олдинги йили концертда соф ўзбек тилида куйладингиз а?! Продюсер Жахонгир: Мен айтмоқчи бўлганим, хамма нарса хам менинг қўлимда эмас, бу одамни олиб чиқиб ишлатишнинг ўзи азоб. Хозир анча яхшику, ўзларида хам ўзгариш сезилиб туради. Агар шу темпни яна 2 бараварга кўрайтирсак, хаммаси зўр кетади. Санъатнинг ичида юриб ўзим учун тушуниб олдим, айрим санъаткорлардан, шоу бизнес вакилларидан санъатни яхшироқ тушунаман. Қаерда “фалш” этяпти, қандай созлар чалиняпти, ўғирладими йўқми. Буларнинг фарқига яхши бораман.
Sayyod: Лекин продюсерликни яхши фарқига бормас экансиз. Продюсер Жахонгир: Йўқ нега энди, продюсерлик деганда нима, мен деярли буларнинг ичида эмасман. Ўзимни бошқа ишларим, қаердадир рахбарлигим бор. Мен буларнинг фақатгина мухлисдари бўлганим учунгина, уларни қўллаб қувватлаш мақсадида келган одамман. Мен хам хамма ишимни йиғиштириб қўйиб, булар билан юрмайманку, дам олиш кунлари бўш вақтдларимда бораман фақат. Ўлмас Оллоберганов: Бу хақиқатдан хам фанат. Фанатизм ишлашга халақит беради, биласизми? Мен ўз ишимнинг фанатиман, Нодир хам фанат, Жахонгир хам санъатнинг фанати. 3 та фанат йиғилиб олганмиз. Шундан тушуниб олаверинг. (кулишади)
Sayyod: Санъаткорни фақатгина ўзининг аудиторияси учун ишлашга хаққи йўқ, фикримча, санъаткор бутун республика учун ишлаши керак.Тарихга кириш керак . Ўтиб кетганидан кейинги Ўлмас Оллоберганов ким эди деб эслаб, ха анави зўр санъаткор эдику, лекин... ундан кўра Райхон тарихга кирдику деб гапиришса. Алам қилмайдими ўлиб кетганидан кейин бола чақага? Фарзандларингиз хам сиз хақингизда фахрланиб гапиришнинг ўрнига, ха негадир омадсиз бўлганлар деб эслашгани, шундай санътингиз билан хеч нарсага эришмаганингизни билишса. Продюсер Жахонгир: Шу ишни бошлаганимдан, то хозирги пайтга қадар, қўпол қилиб айтсам, она сутим оғзимга келган десам хам бўлади буларни ишлатаман деб, ишонасизми?
Sayyod: Иложсиз нарсанинг ўзи йўқ! Продюсер Жахонгир: Мен хозир Худога шукр дейман, хозирги даражага келганимиз учун. Нодир билан олдимга келишганига тахминан 3 йил бўлган бўлса, унда бундай хозирги натижалар, хозир бор рейтинг хам йўқ эди. У пайтда Ўлмас Оллоберганов умуман йўқ бўлиб қолган эди. Тўйларга таклифлар у пайтлар умуман бошқача эди. Балки унда оилавий, шахсий ёки яна бирон сабаблар бўлгандир шундай бўлишига. Албатта хаммамизда хам ўз ички сирларимиз борку. Мен буларга ока сифатида қараганим учун хам хавотир олиб, қўллаб қувватлайман. Шунинг учун хам харакат қиламан ишимизни ривожлантиришга. Ўзларида хам харакат бор албатта.
Sayyod: Бу йилги концертда янги қўшиқ нечта бўлади умумий? Ўлмас Оллоберганов: Хозир аниқ билмайман, рўйхатни қарашим керак. Продюсер Жахонгир: Деярли хаммаси янги. Эски альбомларидан хам қўшиқлар олганмиз албатта. Умумий хисобда, адашмасам 70 фоизи янги қўшиқлардан иборат бўлади. Туркманча, Афғонча қўшиқлар бор..
Sayyod: Бўлди, менинг саволларим тугади, агар яна бирон гапни айтиб ўтиш ниятида бўлсангиз, эълон ёки яна бирон интервьюга киришини хохлаган гапларингиз бўлса бемалол фикрингизни билдиришингиз мумкин.
Ўлмас Оллоберганов: Мен лекин қойил қолдим, тўғриси, Сардор, сизга нисбатан мен ўзимнинг фикримни билдириб олай. Бу пахта қўйиш ёки бўрттириб гапириш эмас. Мен буни олдиндан билганман, сезганман, сизда ўша ўз сохангизга бўлган эътиборингиз, қизиқишингиз, билимингиз кучли, шу даражага етишингиз бежиз эмас. Сиз берган саволларингиз мени қониқтирди. Демак, сиз ўз ишингизнинг бекорга устаси эмаслигингизни айтиб ўтмоқчи эдим. Мен бундан хурсандман. Кўп гапиролмадим хам, ўзи кўп гапиришни хам ёқтирмайман. Камроқ гапириб, кўпроқ ишлаш керак! Ишларингизга омад! Худо хохласа, хаммаси яхши бўлади. Рахмат!
Шахло Қодирова ёзиб олди.
Форумда бахс ва тортишув бўлиши оддий хол, лекин бу форум бир оиладек бўлиш ниятида очилганини унутмайлик!
|
|
| |