Шерали Жўраев билан бўлган сухбатнинг 2 қисми.
Қанақа яшагансиз?
-Бугун хам шуни эслагандим. Икки опам Асакада колхозда ишлаб сигир соғиб бир икки ойда 3-5 сўм хатни орасида конвертга солиб жўнатишарди. Энди хар доим хам жўната олмайди, 2-3 мартта бўлганди. 11 тийинга бир нон берса тўртга бўлиб баъзан 2, баъзан 3 кунга етказардим. Чой билан шу нон ердим. 65 килоларча бўлардим, 6 ойда 45 кило бўлиб қолибман.
Тўй хизматларига чиқмаган экансиз-да?
-Унда тўй нималигини билмасдим, 17 ёшга киргунча отам берган, уйда еган қувват билан яшабман бу даврда (кулади) 6 ой давомида кунига бир тишлам ейилган нон билан яшаган эканман. Бошқа болалар мардикорчиликка борса, мен бормасдим. Ўртоқларимникига кириб қолсам, яхши овқат бўлиб ейишаётган бўлишса хозир деб чиқиб кетардим. Сабаби очман, буларни олдида билмасдан кўпроқ еб қўйсам сезиб қолмасин дердим (кулади) Мардикорчилик қилиб бировни хизматини қилишга ичимда нимадир сенга мумкин эмас дерди. Бу тақдирни бир илохий синови бўлса керак. Лекин барибир кучли эдим. 1966 йил бахор ойларида ер қимирлаб қолди. Хозирги Хамза театрини рўпарасидаги хозирги ярмаркани орқасида чуқурликда бир одамни ташландиқ бир хона ва бир дахлизлик уйида яшардим. Уй эгалари эса нарироқда ховли олиб кетишганди. Ўша куни сахарда ер зириллаётганини сездим, кўзимни очсам деворлардан ғиштлар силжиб тушаётганини кўрдим. Уруш бошланибди, танклар ўтяпти деган фикр келди. Уруш бошланибди, энди урушга бораман-да қорним тўяди деяпман (кулади). Секин юриб кўчага чиқсам, хаммаёқ қий-чув, тўзон бўлиб кетган, ер қимирлаётган экан. Шу пайт халиги мен ётган каравотга дуп этиб уй ағдарилди. Уни тагида шеърларим, чамадоним қолиб кетди. Бир плашим бўларди халиги ялтироқ немисларникига ўхшаш, ўшани бир ёши катта ашулачи йигитни торига алмаштирдим. Плаш қимматбахо бўлгани учун устига яна 6 сўм пул хам берди. Хам торлик бўлдим, хам 6 сўмлик. Шуни 3 сўмига билет олдим Андижонга. Чунки ер қимирлаган, хаммаси тўхтади, андижонлик боллар билан уйга кетяпмиз. Скверга келганимизда троллейбус тўхтаб қолди, хамма кўчада нимадир тўсиб қолганди йўлни. Вокзалга боргунча анча пиёда йўл, шошиб борсак поезд хали кетиб қолмабди. Вагонга чиқсам халиги 3 сўмлик билет йўқ, ўзи умумийга олгандим. Шунда болларга учинчи қаватда ётаман дедим, текширувчи келганида сумка қўядиган жой бор, ўшани кўтариб туришди мен кириб олдим. Қандай сиққанимга хайрон қолдим, шу қадар озибман. Текширувчи кетганида яна гаплашиб ўтирамиз, ухлаганда учинчи полкада ухлайман. Эрталаб Марғилонга етиб қолганимизда яна текширувчи чиқди, бу сафар беркина олмай нариги вагонга ўтдим. У хам кетимдан вагонма вагон текшириб келяпти. Охирги вагонга бориб қолибман, деразасидан йўл кўриниб кетяпти, томоша қилиб хаёл кетиб қараб қолибман. Деразани тўсиб қўйган икки энлик йўғонлик-даги чўян темири бор, шуни ушлаб кетиб, хозир шуни узиб олармиканман деб бир тортсам икки тарафидан узилиб чиқди. Шу пайт орқамдан биров “Роса кучга тўлибсиз-а ука” деб қолди. Қарасам ўша текширувчи, шу гапни айтиб тескари қараб кетиб қолди, қўлимда халиги темир турибди, қўрқиб кетди шекил. Ундан кейин минг маротаба яна уриниб кўрдим, бошқа ўхшамади (кулади).
Шу билан Андижонда қолдингизми?
-Уйга келсам мени кўриб хамма йиғлай бошлади. Нимага булар йиғлайди деб хайрон бўламан. Бир хафта уйдан чиқармай боқишди. Кўчага чиқсам ошна оғайниларим мани танимади. Бир ошнам бўларди, уриб йиғлатиб юрардим. У армиядан келган экан, сойни бўйида халиги билан олишиб кетсак, битта оёғимдан бир қўлида даст кўтарса нима дейсиз? (кулгу). Мен хайронман, бу шунақа кучли бўлиб кетдими дейман ўзимга-ўзим. Аслида мен озиб кетганман. Хуллас Асакада юрган пайтим ёзлик театрда кимидир Тошкентдан ўқитувчилар келиб Театральный институтга абитуриентларни танлашаётган экан деди. Борсам 3-4 домла бўлиб, улардан Назира Алиева ва энди институтни битириб Андижонга олиб келиб ёрдам бераётган Темурмалик Юнусовлар туришганди. Келиб салом беришим билан “Бизга боришни хохламайсизми?” деб қолишди. Чиройлик гапирганим уларга ёқди шекил, вахоланки овозимни хам хали текширишгани йўқ эди. Кейин билсам, институтга келиб “Биз Мажнунни гримсиз ўйнайдиган одам топдик” деб хаммага мақташибди. " Ўша Волковнинг дарслари билан 6 ойда овозимни созлаб олгандим, институтга келганимда биринчи муз.драмадан имтихон топширдим. Театральный институтнинг спорт залида 20тача домлалар Хамид Абдуллаев бошчилигида ўтиришибди. Директор Хамид Абдуллаев “Қаёқдан келдинг?” дедилар, Асакадан дедим, қўлимда торни ушлаб олганман. Озгина хазил қилиб, ашула эшитамизми, деди. Улар билан гаплашиб ёнларига келиб қолибман, орқароқда туриб куйлашимни айтишса охирига бориб туриб олсам, сал берироқ кел дейишди, бир қадам босиб куйлай бошладим хамки зал овозимдан<span гувиллай бошлади. Волковни дарсидан овозим дахшатли даражада кучайиб кетган экан. Ха бўлди дейишса, ўтмадимми деб қўрқиб, “Шеър хам айтишни биламан” дедим (кулади). Ўқиб бердим, ха бўлди дейишди. Ман этюд хам тайёрлаб келганман дедим (кулгу). Кўрсатдим, ха бўлди дейишди. Хаммаёқ зилзиладан бузулган бўлгани сабабли, талабалар кўчада каравотларини чиқариб қўйишиб ётишганди. Мен халигини бирига<span ха ўтмадим шекил деб ўйлаб бориб ётиб олдим. Хамма топшириб бўлгач, ўтганларни номини айтишаётган пайт, мени чақирса чиқавермабман, биттаси югуриб келиб юринг деб чақирди. Борсам ўтибман, бахо 5 , шундай қилиб 1966 йил институтга кириб кетганман
Машхурлик келтирган йилчи?
-Ўша йили. Талаба болларни тўй хизматидан боқдим хам. Ўша йили телевизорга чиқиб ўзим ёзган қўшиқни куйладим. Зилзиладан сўнг хаммаёқни таъмирлаш ишлари бошланган пайт, шу воқеаларга атаб қўшиқ ёзгандим. “Пойтахтнинг кўксига тушган яранинг малхами, студентлар, ишчилар, мард қахрамонлар хормангиз”-деган сўзлардан иборат эди. Фарғоналик Ширяев Мамасиддиқ деган қизиқчи ўша пайтлар мени доирачим эди, ўша мени телевидениега олиб чиққанди. Иккинчи маротаба телевизорда бир қўшиқ куйлаб кейин яна “Ўзбекистон қизлари” деган қўшиқ билан чиқдим. “Шанба нонуштаси” бошланди, “Сен бахорни соғинмадингми?” қўшиғини мен биринчи телевизорда куйлаганман. Лекин унақа тез эмасди, секинроқ куйланган, куйлаш йўли эса шундай бўлган. Ўша пайтлар “ВУЗгородок”да куйлардим бу қўшиқни. Кейин уни Сурхандарёлик бошқа бир институтда ўқийдиган жуда чиройлик овози бор Эргаш деган йигит, “Устоз шуни мен хам ёзиб олай, мен хам куйлай” деди, устоз деганига хурсанд бўлиб ёзиб берсам, кейинроқ армияга борганида Бўроновга тушди, кейин Бўроновлар тезлатиб куйлашган. Телевизорда чиройлик ашула қилиб куйлашди. Шу билан бу қўшиқ уники бўлиб кетди.
“Биринчи мухаббатим” қўшиғи хам ўша ўқиб юрган чоғларингиз чиққанмиди?
-Ха, 1968 йил. Бу қўшиқ хам “Сен бахорни соғинмадингми” билан Абдулла Ориповнинг бир кичкина “Митти юлдуз” деган китобчасида бўлганди. У хам ёш йигит бўлиб эндигина чиқаётган эди. “Сен бахорни соғинмадингми”ни Қозоғистондаги далага лола тергани борганимизда мошинада шу китобдан қўшиқ қилиб кетгандим. Театральный институтдан бизга ётоқхона берганди, ўшани чердакига чиқиб “Биринчи мухаббатим”ни куйлардим. Эркин Комиловлар пастда турарди, “Хей тинчит, тўхтат, жонга тегдинг, сен умуман ашулачи бўлмайсан” дейишарди (кулади) . Мана шу қўшиқ шиферни тагида чердакда тайёр бўлган. Ётоқхонада эса қўйишмасди, ухлаймиз дейишарди, мен эса тонггача ўша чердакда куйлаб чиқардим. Тайёрлаш давридаёқ бу қўшиқ хақиқатдан зўр бўлади деган менда ишонч бўлган.
Нима учун ўша пайтдаги сизга машхурлик келтирган қўшиқлар бугунги кунда яхши сифатдагиси йўқ? Қайта куйламагансиз.
-Бугунги студияларни ёқмайдиган тарафи, мени овозимни 10 фоизи тушади. Илгариги лентага тушарди, хозир эса цифровой ва ораси очиқ бўлади. У эса тўлиқ бўлиб хеч бўлмаса овозни дардлари қоларди, бунда эса овоз қуп-қуруқ чиқади. Менга шуниси ёмаяпти.У пайтлар биз билан Анвар Тожиев ишларди, зўр овоз оператори. Хозир улардан сўрасангиз улар хам шуни тасдиқлайдилар. Ўша кишини даражасида операторлар хозир ёзишмайди. Керак бўлса 100 маротаба куйлаттирарди. Хозирги студиялар билан солиштириб бўлмайди, хозирги компьютерлар осон , овозни бўлаклаб улаб кетаверади</span>. Шунда дард бўлмайди. Мусиқа бирга чалиниб куйланиши керак. Хозир эса қуруқ куйлаб беришингиз керак. Мен эса соз чалиб куйлайман, бугунги студияларда куйлаётганингизда созни чалмай туринг дейди, (қатъий охангда) мен эса қуруқ айта олмайман. Мана бу панжам юрагимда айтаётган нарсамни чалиб ўша нолани беради. Шунда юрагим хам, овозим хам ўшани чиқариб беради. Ўша панжамдаги нолани эшитмасам, юрагим ишламайди, тамом! Ўша чиройлик нарсани айта олмайман, айтгим келмай қолади. Ўзингиз чалиб куйласангиз бошқача чиқади. Шунинг учун мана шу уюштираётган Хазрат Навоий, Жалолиддин Румий, Бобур Мирзо кечаларида ўзим чалиб куйлаяпман, ва ундаги билан студияда куйлаганларимни солиштирсам, студияда куйлангани қуп-қуруқ. Кейин томошабинларга қараб куйлаш керак, қуруқ деворга қараб куйласангиз юрагингиз ишламайди.
Тан олган шогирдларингиз?
-Илхом энг зўри. Илхом Жўраев, Асакада.
Жўраев? Қариндошингиз-масми?
-Онамни акаларини ўғли. Қариндошлардан яна укам бор санъатда, Халим Жўраев.
Нима учун улар хам бирдан куйлаб юборишди? Ё азалдан куйлашганмиди? (Шахсан ўзимни хабарим бўлмаганидан бу савол билан юзландим, вахоланки халқда улар азалдан таниш экан)
-Сизлар эшитмагансизда, имконият йўқ, ашулачилар кўп. Кейин сизларни компьютерингизда улар бўлмаган.
Лекин барибир Сиздан кейин чиқишди-да
-Йўқ. Ўша 1980чи йиллар хозирги Истиқлол саройида концертлар хам беришган. Маълум муддат ТВ ва радиоларда кўринмай қолганим боис, агар Шерали Жўраев телевизорда чиқмаса, биз хам чиқмаймиз дерди. Яъни мендан ўтиш бўлмаган. Одамийлик, мехр оқибат натижаси. Шунинг учун қурбон қилишса хам ушлаб туришарди санъатини.
Улар Сиздан илхомланиб қўшиқчи бўлишган-да?
-Ха. Бугун Илхом Жўраев куйлаган қўшиғини қўнғироқ қилиб телефонда қўйиб беришди. Жуда бир чиройлик куйлабди. Лекин бу қўшиғи билан менга оғир вазифа юклаб қўйди. Чунки мен тўғримда қўшиқ қилибди. Буни тинглаганимдан кейин жудаям ва янаям хушёр юришимга тўғри келиб қолди. Менга бу қўшиқни қўйиб берган одам йиғлаб гапирди. Йиғлаб юбормай деб ўзимни ушлаб, чидаб турдим. Қўшиқда жуда улуғ сўзлар айтилиб қўйибди ва бу билан менга жуда катта вазифа юклаб қўйилган.
Илхом Жўраев ижросидаги “Бахшида” қўшиғи матни.
Шоир Абдухолиқ Усмон
Эй хаёт юлдузлари, сизга бир моҳ куйласин
Маърифат осмони узра бошласин, рох куйласин
Куйлагувчи санъат ахлин мулкида шох куйласин
Иншооллох хазрати Довудга хамрох куйласин
Мазхари нуру Худо ё марду Оллох
Булбули хақ Шерали хофизуллох куйласин
Хазрати одамга жон оханг билан кирган эмиш
Халқ ризо сўз куй билан халқ хақ томон юрган эмиш.
Бази саркаш бу фикрга тил тиғин урган эмиш
Жонни тандан сўзни санъатдан узиб турган эмиш
Хеч этак ойни тўсолмас нури Оллох куйласун
Булбул хақ, Шерали хофизуллох куйласин
Хақ сўзи нури етиб ғамдин кўнгил шояд бўшаб
Тингласангиз яхшилар яхшилар бардам юринг ошни ошаб
Рахмат имон бирла бўлсин билсангиз ёшни яшаб
Хур малаклар хуш кутиб олсин суйиб жойлар тўшаб
Жўр бўлиб покиза рухлар хам рухуллох куйсин
Ишқу хақдан куйламоқ Машраби бир хислати
Маънавий покланса деб сизларга бахшдир санъати
Мен ғариб – ошиққа сизга тинглаш Оллох рахмати
Сизга Хақнинг лутфи бу охир замоннинг уммати
Хақ Мухаммад хурматидан лутфи Оллох куйласин
Булбул хақ Шерали хофизуллох куйласин
Хаётдан ўтганидан кейин қахрамон даражасида қилинган нарсалардан кўра тириклигидаги қилинган тан олишлар яхши эмасми?
-Мен ўткинчи дунё эканлигини жуда яхши биламан. Одамлар абадий эмаслигини хам биламан.
Сохангиз номни абадий қолдириши мумкин бўлган соха-ку
Оллохни иродаси бу, қай даражада бўлишини Худони ўзи билади. Ўша нарсаларга тўғри бахо бера олиб, кетиш борлигини хам жуда яхши биламан. Қачон келиши номаълум, лекин унга одам тайёр бўлиши керак. Юкни боғланг ғофиллар, карвон қўнғироғини чалиб қолди, ухламанг энди, юкни тайёрланг деган хофизнинг сўзлари бор. У қанақа юк бўлиши керак? Тўғрилик, поклик, мана шундай нариги дунёга олиб бориладиган гўзал юклар бўлиши керак. Яна бир хофизнинг форсча тилда айтилган гаплари бор (форсчана айтиб беради) , маъноси халиги чўпонларни адирларни >қийшиқ жойларида қурилган лойдан уйлари борку, ана ўша уйларни атрофини сел оляпти дейди. Ўша уйга ўхшатиб, умрингни атрофини сел оляпти дейди. У эрта-индин йиқилиши мумкин, энди қарилик яқинлашибди, соқолингга оқ кирибди. Шу паймонани яқинлашганидан шу оқлар хабар беради инсонга, хой Хожа хушёр бўл, ухлама, тайёргарлигингни кўр, дунёда шунақанги нарсалар борки сени чиройлик нарсаларга овора қилиб қаратиб қўяди, эсингдан чиқариб қўйиб, бир хамбол (юк кўтарувчи) умрингдан оз-оз кўтариб кетяпти бошқа ерга, сен эса бошқа чиройлик нарсаларга, хонимларга, уй ва бойликларга оворасан. Буёққа тайёргарлигингни кўрмаяпсан-ку, ухламасдан буёғини тузатиб қўй уёққа боришга дейди. Нариги дунёга борганда нима олиб келдинг деганида қараб ўтирасанми?-дейди. Шунинг учун хар бир инсон бунга тайёр бўлиши керак, ёши хам қариси хам. Юқоридаги саволга шу жавоб, ғам чекмаслик керак, умр шунақа нарса. Қандай яшадинг, қандай ўтдинг ва сени қандай эслашади. Бу томони бор, ўшангга тайёр бўлиши керак. Инсон ўзи билан хеч нарсани олиб кетмайди, фақатгина қилган яхшилигу ёмонлигини хисоб китоби билан боради. Орқангиздан биров лаънатлаб қолмаслиги керак. Эл-юртга, Ватанга, одамзотга, одамлар орасида яхши номингиз қолгани яхши, ёмон ном қолмаслиги керак. Халиги айтганимдек хаммага яхшилик тилаш керак, шу қаторида дўстларига хам душманларига хам. Бу дунёни хам у дунёни хам инсон борлигини билиш керак.
Сиз хақингизда куйланган у қўшиқни тинглаганингизда биринчи нималарни хис қилдингиз?
-Аввало Илхом Жўраевни хато қилмасин, адашиб қолмасин деб дуо қилдим. Қўшиқдаги гаплардан ўзимга юк юклатилаётганини сездим, демак мана бундай яна яшашим керак, яна қиладиган ишларим бор экан, маъсулият бор экан деган нарсани хис қилдим. Хар бир инсонни ўз салбий жихатлари бўлади, ана шундай жихатларимдан воз кечишга ундайдиган оғир юк юклатилганини сездим. Қўшиққа хам бир илохий, Худо томонидан танланган хофиз деган маънода ном танлашибди. Энди ўшанга мос бўлишинг керак . У қўшиқ айтилгач хамма сени шундай қабул қила бошлайди, албатта сен хам унга хос бўлишинг керак. Уларга шундай кўринаман-да, вахоланки қилаётган ишларимдаги хатоларни мен ўзим сезаман. Тоқатим етмаётгандир бирон нарсага, оғзимдан чиқиб кетаётган бир хил ёмон гаплар бордир, албатта бировни хақини емаймиз хеч қачон. Бу дунёда одам хато қилади, хеч бўлмаса бир қадам босганида билмасдан бир чумолини хам босиб қўйиши мумкин.
Бошидан қийинчилик ўтказган инсон келажакда кўп нарсани қадрига етади, тарбияда хам негадир қаттиқ тарбия кўрган, қийинчилик билан ўсган бола барибир бошқача бўлади. Сизни фарзандларингиз тўқчиликда катта бўлишди, хамма нарсаси бор. Тарбия тарафлама улар билан сухбатда сезган илк нарсамиз бу адабиётга бўлган қизиқиш ва адабиётни қадрлаш. Лекин уларни халқда барибир қандайдир бир кибрда айблашлари бор. Шу нарсаларни маъсулиятини қай даражада сезасиз, ва қадрига етсин деб уларни нималадандир чегаралашга харакат қиласизми? Хох молиявий бўлсин, хох санъатдаги ўз ўрнини топиш дейлик?
-Буларни хаммасини ўзига лойиқ чегараси бор албатта. Ўзини тарозиси бор, жа бир бемалол қўйиб қўйганим йўқ. Хисоб китоби ўзи билан, қийинчилиги, азоби хам бор ўзига лойиқ. Масалан истаганича ухлашмайди, тартиб қўйилган. Жуда кўп нарсалардан воз кечиши керак, одамлар қиладиган кўп нарсалардан булар воз кечган. Бемалолчилик эмас унақа, уларни ўзига хос қийинчиликларини ўзлари, мен ва онаси билади. Чунки хаёт шунақа, қийинчиликни кўрмаса, одам бўлмайди инсон. Азоб чекиши керак, уни баъзан тушунишади, баъзан йўқ, сиқилади, бизни яхши кўрмайди деб ўйлаши мумкин. Шунақа хаёлга борганида секин тўғирлаб қўямиз яна. Баъзан биз билан қўрқиб гаплаша олмайди хам.
Фарзандлари чизган чизиғидан чиқмайди.
Устоз санъаткорлардан баъзиларида тўй билан бўлиб фарзандларимизга етарли эътибор қарата оламаган эканмиз деб куйган оталарни хам биламиз. Мисол тариқасида Бобомурод Хамдамовни оилавий можаролари республика газеталарида хам ошкора қилинди.
-Оллохни ўзи асрасин. Уларни хаммасидан хабарим бор, фарзандларимга мактаб сифатида келтириб ўтаман хам. Бобомурод акани ўғиллари билан гаплашганман хам, тушунтира олмаганман. Бу хам бир пешонадир. Бир нарса бор, уни айтиш керак, ота-онангга сен нима қилсанг, сенга шуни боланг қилади деган гап бор, балки беъжиз эмасдир. Тўйлар ўз йўлига лекин санъаткор бола-чақасига қараши мажбурий вазифаси. Бизда хам имкониятимиз шундай, уёққа буёққа кетамиз, лекин жа бўлмаса қўлимизда телефон бўлади, кўрмасак мажбур қиламиз қани у деб. Хозир қаердасан дейман, студияда деса бировни жўнатиб юбориб текшираман. Дунёни ишлари шунақа, биз ота-онамизга бундай ишларни қилмаганмиз, шунинг учун болларимиздан хам ундай нарса кутмаймиз. Фақат бир азобимиз бу мен хам булар хам санъаткор.Кўчага чиқади, ошна-оғайнилари билан гаплашади, ким билан гаплашишига қизиқамиз мана шулар бизга азоб. Бир кўрган хатони кўрмасин дейман, инсон бир нарсани ушлаб кўрмагунча нималигини билмайди. Бу хаммага тегишли фақат бизни болларга эмас. Ким бўлишидан қатъий назар ота онасини гапига кириши керак, Худони ўзи адаштириб қўймасин.