Sayyod | Сана: Душанба, 23-Апр-2018, 14:05 | Изох # 1 |
Рахбар
Гурух: РАХБАРИЯТ!
Изохлар: 1167
Тақдирланишлар: 0
Холати: Хозир йўқ
| Cирли, ғурурли ва тажрибакор.
Мега юлдуз! Унинг хар бир куйлаган қўшиқлари хитбўлган! Унинг мухлислари хали хануз қўшиқларини севибтинглайди, унинг тароналари аксарият инсонларнингхаётидаги мухаббат, армон, болалик ва ёшлик тарихибилан боғлиқ.“Жонон бўламан деб” қўшиғининг эстрада йўналишидахали хеч ким ундан-да аъло маромига етказиб куйлайолгани йўқ. Шу қўшиқ янграши билан янги услубдагирангли йўл-йўл чопонда экрандаги кўриниши кўзолдимдан кетмайди.У эстрада йўналишида жуда машхур эди, ўша даврқизларининг ягона ёқимтойи… бироқ сирли равишдасанъатдан йўқолди…миш-мишлар..сирли ва ғаройиб гап-сўзлар… Дониёрни топиш анчагина қийинчилик туғдирди. Чунки санъат олами унинг телефон рақамини билмасди. Таниш-билишларни ишга солиб ахийри унинг телефон рақамини топиб, қўнғироқ қилиб шунчаки бугунги кундаги фаолияти билан қизиққанимда ажаблангани сезилди. Балки унинг телефон рақамини қаердан топганимдан бўлса керак, хар холда бу хақида сўрамасданоқ ўзим айтиб бердим. Аллергия касали хуруж қилган пайтга тўғри келганим боис кейинроқ қўнғироқлашишга келишдик. Шу билан, ўзимча, бўлди ўзи шундоқ хам хеч кимга интервью бермаётган эди, чиройлик тарзда қутулди дедиму, лекин барибир ўжарлигим тинч бермай яна қўнғироқ қилдим. Бу сафар у ажабланмаса-да нима истаётганимни тушунмасди. Сухбат қуриш истагини билдирганимда…рози бўлганидан энди ажабланиш навбати менга келган эди. Кечки пайт қўнғироқ қилишимни айтганида, барибир ишончсизлик бор эди. У айтган пайт эмас, эртаси кун қўнғироқлашдим. Телефонни кўтариб дарров исмимни айтиб, нега айтилган вақтда қилмаганимни сўради. Кутилмаган холда қизиқ кечди вазият. Эртага кундузи 13-30 да қўнғироқ қилишимни сўради. Ха, майли шу пайтга яқин десам йўқ айнан, аниқ 13-30 далигини таъкидлади. Эртаси куни шу пайт қўнғироқ қилганимда хозироқ кўришишимиз мумкинлигини айтди. Учрашув жойига келиб у айтган йўлнинг нариги бетида турган мошина ичида Штирлиц каби гумон билан қараб, мошина рулига қўлларини қўйиб зимдан назорат билан қараб турганини узоқдан кўрдим. Йўлдан ўтиб мошинага яқинлашгач чиқиб сўрашди, сўнг мошинага ўтириб сухбатни бошладим. Негадир бошқа Дониёр Тошмухамедовни кўраман деб ўйлагандим. Йўқ, ўзгармаган. Қадди-қомати йиллар таъмирида деярли ўзгармаган, фақатгина ёши ўтганлиги сал сезилганини айтмаса ўша-ўша.
Тошмухамедов Дониёр 1969 йил 23 февраль куни туғилган. Дониёр шифокорлар оиласидан. Оилада икки ўғил икки қиз, Дониёр кенжаси. Уйдагилар Дониёрнинг санъатга қизиқишидан аввалига хайрон қолишган. Устози Исмоил Ғуломовнинг хам ёрдамчи хофиз шогирди, хам клавиш созандаси бўлиб, 1988 йил устозини дуосини олиб алохида ўз санъатини намойиш қила бошлаган. Шоир Иброхим Жиянов ва бастакор Алишер Икромов, Абдухошим Исмоилов, Рустам Махмудовлар билан хамкорликда ишлаган. Илк альбоми 1989 йил чиққан, охиргиси 2001 йил.
Sayyod: Жимлик аломатлари Дониёр Тошмухаммедов: -Мен ўзи сухбатга хушим хечам йўқ. Шунчаки хохламайман..Манмансираш эмас, ўзим бу йўлдан чиқиб кетганлигим боисдир. Билмасам, негадир Сиз билан сухбатлашишга рози бўлдим. Санъатда бўлган пайтларим балки бу нарсалар қизиқ бўлган бўларди, лекин хозир санъатдан кетганимга 7-8 йил бўлаётган бўлса одам сирли бўлгани яхшироқ деб хисоблайман.
Sayyod: Санъатдан кетганлик асосий сабаблари нима билан боғлиқ? Дониёр Тошмухаммедов:-Асосий сабаблар хамма нарсанинг вақти соати келаркан. 2002 йилда кетган бўлсам, аввалига фонограммалар бошланди, биз эса жонли ижрога кўникканмиз. Санъатдан бирданига кетиб бўлмайди, аста-секинлик билан тарк этдим.Одам халққа хадеб керак бўлаверар экан. Эрталаб чиқиб кетилади, ярим кечаси қайтилади. Хар куни шу ахвол. Ва фақат одамлар хизматида, оила эса иккинчи планда, ўнинчи планларга хам чиқиб кетарди. Фақат ухлагани уйга келинарди. Соғлиқ хам кетади бу билан. Тўғри мослашиб юрган санъаткорлар бор, шуни нонини егандан кейин мослашиб кетаверади, лекин мен баъзи бир нарсаларни кўтара олмасдим. Шахсга тегадиган хизматдаги бўладиган гаплар, камситишлар, яна баъзи хизматларга бора олмаганда улар аламзада бўлиб принцып устида ёмонлик қилишга харакат қилишлари асабга тегарди. Кейин биз жонли куйлаб ўрганганмиз, бизнинг усталар жонли куйлашган, охирги пайтлар фонограммага ўтиб олина бошланди. Менга фонограмма ғалати туюларди, одамлар менга қарата фонограмма куйлаяпти деса мен тамом бўлардим. Одамлар фонограммага ўтиб кетиб бўлганди, қулоқлар хам ўрганиб, оқимга қарши юра олмай фонограммада куйлашга мажбур бўла бошлагач унинг кетида гаплар хам кучаяр экан. “Э икки ашуласини магнитафонда қуйиб пулини олиб кетади” деган нарсаларни кўтара олмасдим-да. Фонограмма менда бўлган, лекин оз-моз. Шинавандалар талабига биноан қўшиқни шартта тўхтатиб сўралган қўшиқни айтиб кетишга имконият бўлган. Созандаларга қараб имо қилсам, бемалол ўтиб кетаверар эдик бошқа қўшиққа. Анавини қўйиб юбор деб ўртада пауза қилиб кутиб туришлар бўлмаган бизларда. Санъатдан кетишга умуман ўзимни тайёрлаб борардим, ёшим бир жойга етгунча санъаткор бўлмайман деб. Қоқилиб қолган, обрусини суистеъмол қилиб ичкиликка берилиб кетган санъаткорларни хам кўрганмиз, ёки назардан қолгани боис сиқилиб тушкунликда қолиб кўтара олмаганларни кўрганман.
Sayyod: Сизда ишончсизли хисси борми, фобия каби? Дониёр Тошмухаммедов:-Йўўўқ, шунақа нарсалар менда бўлмасин деб, кел шу обру борида кета қолай деган нарса хам бўлган. Соғлиқ деган нарсалар хам бор, асаблар таранглашиб кетарди хизматларда, бу нарса ўзимдан ўтарди, буни ўзим билардим. Кейин бир кунда бир қанча хизматларга таклиф тушади, шу 9тасидан 8тасига бориб 9чисига бора олмасам, сал ортиқча гап қилиб, бошқача муомала бўлса хам кўтара олмасдим. Бу халиги шон-шухратли хиссидан эмас, менга нисбатан нотўғри фикрда бўлгани, ёки ўзгаргани учун. Бир пайтда 7-8 одамга баробар керак бўла олмайманку, вахоланки битта жойда эмас, оралиқ масофалар хар-хил. Кейин «Ха берардик ўша пулингни” деган гаплар бошланарди. Хадди сиғиб тўйга 2-3 кун қолганда келиб таклиф қиладиган танишларга, ўша кундаги 8та тўйни кўрсатсам хам, 2та ашула этиб кетсангиз кифоя деб туриб оларди. Обру учун, биласизку, палончи келди дегани фақат шунгада. Ёки хизматлардаги маст одам “Ха, артистсан-де” деган гапи ёқмайди. Мен бошқалар каби ха гапираверадида деб бефарқ қарай олмасдим, ўзимга олардим. Мана шу нарсалар менга жуда қаттиқ тегарди. Албатта, беш қўл баробар эмас, аксарият жойларда зўр кутиб олишарди, хурмат қилишарди, лекин шу баъзи бир жойлардаги жуда бир асаббузарликлар бўларди-ки, чидай олмасдим. Бу ёқда оила бошқариш деган нарса хам бор. Концерт бўлсаку бошқа гап, келади тинглаб мазза қилиб кетаверади. Концертни хам ўзига яраша қийинчиликлари бору, лекин барибир концерт бошқа, тўй бошқа. Шу нарсалардан кейин одам ўзига ўзи қачонгача шундай юраман деб савол беради-да. Инсонни ўзидан ўтаётганини ўзи билади. Масалан санъат қурбонсиз бўлмайди деб баландпарвоз китобий сўзлар келтирмайман. Сиртимиз, кўринишимиз Дониёр бўлгани билан, лекин, ичимиздаги ўзлигимизни билиб турамиз. Шу нарсалардан эртага тушиб кетиб, хар хил ходисалар бўлганидан порлаб турган пайт кетиш афзалроқ дедим. Масалан ўша зўр бўлиб юрган пайтларим, мени хамма зўр кутиб оларди. Эрта-индин кейин секин бошқалар ўрнимизни эгаллайдиган пайт уларга эътибор кучайиб кетганидан кейин, бу хам мен хохламайдиган пайтнинг бошланишидан дарак. Кейин эса мени эмас, анавини эшитишяпти, мени санъатимни олдида буларники нима, мен қандай санъаткор эдим деб касалликка айланади. Менга навбат бермай, анавини ўтказиб юборишяпти деган нарсалар хам бошланади, ўзингиз билсангиз керак, тўйларда бўласиз, гувохи бўлгандирсиз. Сабаблар жуда кўп, хозир Сиз бир икки нарса билан қандай қилиб бўлиши мумкин, асосий сабабни яширяпти деб ишонмаслигингиз мумкин, Сиздан шу нарсани сезяпман, қизиқяпсиз, йўўқ, сабаблари аслида кўп, (алохида урғу билан): лекин асабларим кўпроқ тугади. Мен ўзимни ва соғлиғимни ўйлайдиган бўлиб қолдим. Энг катта касалларни туғдирадиган онаси асли асаб, асаб кетдими, бўлди, у ўзини кучини қаергадир беради. Юрак, жигаргами, бошқа ергами, танани хамма ерига таъсирини кўрсатади. Кунига 10 тадан хизматга боравергач соғлиқ кетиб қолади. Ва шу 10та айтилган жойлардагилар, зўр қизиган пайтида боришимизни истарди. Соат 18дан бошлар эдик ва биринчи “қиз оши”ларга кирар эдик, у пайтлар шунақа бўларди, кейин кетма-кет никохларга. Мисол учун бир тўйга кириб бориб, 4та хонанда навбат кутиб ўтирган бўлса, дарров қўшиқ айтиб кетмасдик-ку, кутардик. Яна у пайтлар қўл телефонлари ривожланмаган пайт бўлса, олдиндан қўнғироқ қилиб “Ким айтяпти?” деб мулоқотда бўлиб, навбатимизни келишиб вақтида улгуриб борсак.
Sayyod: Демак санъатдаги бу ходисалар хозир қандай кечаётганини хам биласиз? Дониёр Тошмухаммедов:- Ха албатта. Бўлмасам-чи.
Sayyod: Қизиқиш хам қолган? Дониёр Тошмухаммедов:-Ха, қизиқиш бор.
Sayyod: Қўшиқ куйлаб турибсизми? Дониёр Тошмухаммедов:-Хиргойи қилиб тураман гохида. Лекин расмий равишда, тадбирларда, хизматларда эмас, шунчаки ўзим учун хиргойи қилиб тураман.
Sayyod: У-бу хизматларга таклиф қилиб, туриб олишса-чи? Дониёр Тошмухаммедов:-Йўғэ, мени энди хеч ким айтмайди, чунки билишади бормаслигимни. Ишонч хосил қилишган.
Sayyod: Хозир санъатни четдан кўриб, телевидениеларни томоша қилиб ачинмайсизми кетганингизга? Дониёр Тошмухаммедов:-Йўқ, энди ёшлар хам чиқиши керак-ку. Мана ёш хам қирққа борди. Чиқиб кетганга яраша азиз бўлиб чиқиб кетиш қулай ва яхшироқ. Ўрганиб қолгандан кейин назардан қолса, касал бўлиб, ёмон нарса бу. Ачинишга келсак…(ўйланади) ким билади...баъзида одам барибир ачинади.. Лекин хозир эмас, чунки хозир диққатим бизнесга қаратилган. Вақт ўтиб бошқа нарсага чалғиб у нарса билан бўлиб кетгандан кейин унча қизиқмас экан одам. Хозирги касбимга қизиққаним учун хам ачинмасам керак. Радио ва телевидениеларда кўриб эшитиб тураман, хозиргилар ўз даври талабига хос. Бошқа касб бўлиб кетгандан кейин…
Sayyod: Лекин қалб касбингиз санъат-ку Дониёр Тошмухаммедов:-(кулади) Бир пайтлар эди-да бу нарсалар. Машхур бўлишга интилганмиз, билганмиз хам, лекин кўтариш қийин экан, машаққати жуда оғир.. Юлдуз бўламан деган давр бўлади ўзи, инсонга барибир бир касбни бойлаб бериб қўймайди. Балки кимларгадир боғлаб берар, лекин менда кўп қирраларга қизиқиш бор. Бу нарса азалдан менда бор. Масалан, ўша машхурлик чоғларим, спортга жиддий қизиққанман, тижоратга қизиқардим , илмларга қизиқардим. Олий маълумотли зиёли инсонларни кўрсам хавасим келарди. Ўзимиз хам Маданият институтида ўқиганмиз-у....
Sayyod: Битирганмисиз? Дониёр Тошмухаммедов:-Йўқ битирмаганман. Энди санъаткорларга теккан касалми дейман шу нарса, охиргача борилмайди кўпинча.
Sayyod: Демак санъатдан чекиндингиз? Дониёр Тошмухаммедов:-Ха...Шу нарсалардан чекиниш қилдим. Бошқаларни камситмоқчи хам эмасман, шунчаки мен ўзим кўтара олмадим, ўзи мактабданоқ шўх бўлганман.Охиригача бораман деган билан жуда қийин. Қаранг, зўр бўламан десангиз, ишингиз оғирлашаверади. Зўр бўлиб кетаверасиз, лекин одамлар Сизга ишқибоз бўлиб кетаверади. Уйланадиган йигит отасига «Мана бу артистни олиб келасиз” деб туриб олишни бошлайди. Бизнинг даврда санъаткорлар тўй кунини белгилаб берарди. Хозир ресторанга қараб қилишади-ку (кулади), келиб мана деб календарьни тутқазиб ўзинг белгилаб бер дейишарди, душанба сешанбаларни белгилардик, ўша пайтлар модада эди, энг бегим кунлар дейиларди.
Sayyod: Бирдан хонанда бўлиб кетмай, аввал созандачиликдан бошлаган инсон, ўзи кўриб билиб, тушуниб етиб, кейин танлаганидан сўнг... Дониёр Тошмухаммедов:-Ха, у пайтлар мен қўшиқ куйлашга интилардим-да. Лекин бунақа “ньюанс”ларини билмаганманда. Бунақа қийинчиликлари борлигини олдиндан сезмаганман ўзимда . Ўйламаганман хам, фақат зўр бўламан деганман.
Sayyod: Зўр бўлгансиз-ку Дониёр Тошмухаммедов:-Зўр бўлгандан кейин, қарасамки бундай тарафлари бор экан. Бошқа давлат санъаткорлари, масалан Туркияда фақат концерт. Уларни менеджерлари белгилаб беради, эртага Анқара, кейин Истамбуол, палон куни Германиядамиз дейди, бўлди кетаверади режа қилиб мослашиб. Бизда эса кўпроқ тўй, унда эса хар хил вазиятлар бўлади. Хуллас, бир маротаба эмас, жуда кўп маротаба санъатни ташлаганман, охиргисида қайтмадим.
Sayyod: Нима учун бирдан Дониёр Файз бўлгансиз? Дониёр Тошмухаммедов:-Бу хам бир тахаллус-да, 1995 йилда шундай ном билан чиқа бошладим, ўша пайтлар Иброхим Татлисес Туркияга келган пайтлар. Масалан Татлисес дегани тотли, ёқимли товуш сохиби маъносидек гап.
Sayyod: Иброхимнинг хам тахаллусими Татлисес? Дониёр Тошмухаммедов:-Ха, Иброхим нимадир бўлган бўлиши мумкин, лекин санъатга кириб кетганидан сўнг Татлисес деб ном чиқарган. Масалан Мадоннани хам, Пелени хам номи бошқача-ку. Санъатда шундай шоулар керак бўлади. Ўша пайтлар қаерга борсак, “Файз олди, файз туширди” деган гапларни кўп эшитардик, кейини шуни тахаллус сифатида олдик. Ном ўзгариши, тахаллуслар санъаткорни мавқеини ушлашда ёрдам берарди. Хар қандай янгилик санъаткорга керак, ва халқда бу янгиликлар шов-шувга айланарди.
Sayyod: Бугунги кунда кўпчилик қўшиқларингизни қайта куйлаяпти, танқидга хам учраётгандек улар. Дониёр Тошмухаммедов:-Нима деймиз, тўғри танқидга учраяпти, биринчидан битта нарса, демак, улар қўшиқларимни яхши кўрган экан.
Sayyod: Аввалги ижрочидан яхшироқ куйласа қайта куйлаши керак эмасми? Дониёр Тошмухаммедов:-Лекин улар мендан зўр айта олмаяптида. Чунки аввалгидан ўтказиб куйлаш жуда қийин. Лекин биз баъзи қўшиқларни куйлаганимизда, яхши айтибсан, зўр айтибсан дейишарди. Ўша Иброхимни ашулалари, ёки устозларни қўшиқларини куйлаганимизда халққа манзур бўлган. Лекин мени қўшиқларимни куйлаётганлар, улар кўпи мендан сўрамайди. Сўраса хам, мисол учун чет-элларда бунга пул олинади, тўғрими? Мисол учун хар бир қўшиғимга 400-500 доллор кетказардим, ўша пайтлар бўлса хам шу нарх бўлган. Шоир, бастакор, аранжировкачи, студия, созандаларга. Хозир энди қайта куйлаш модага кириб, эски қўшиқларга замонавий мусиқа садолари билан бойитишади, одамларга таниш бўлган қўшиқ, битта сарфлайдиган пули аранжировкачига беради бўлди. Лекин ўша асос солган, ўша қўшиқни қилган одамни рози қилайлик деган нарса йўқ буларда. Албатта мен норози бўламан-да, келиб мендан розилик сўраши керак.
Sayyod: Аваз Олимов 2 қўшиғингизни қайта куйлади… Дониёр Тошмухаммедов:-Йўўўқ, 6 та! Аваз мендан қўнғироқ қилиб 2-3 қўшиғимни сўраган. Кейин, қарасам 5-6тасини куйлаб қўйибди.
Sayyod: “Жонон бўламан” қўшиғини эстрада йўналишида Сиздан аъло куйлаган хонанда бўлмади деган фикр бор. Дониёр Тошмухаммедов:-Тўйларда ўша қўшиқни “минус”ини куйлаб юришибди одамлар. Бўлмаса қайта Янги мусиқа билан бойитилмаган хам, худди ўша тайёр мусиқа. Чунки ўша пайтларни эслатади-да одамларга. У пайтлар мода бўлган қўшиқ, ўша пайтга хос бўлган аранжировка. Халигача қайта аранжировка хам қилинмаган. Хаттоки тайёр қўшиғимни устига куйлашмоқда. Ресторанлар олдидан ўтиб кетаётганимда шундоқ эшитиб қоламан. У қўшиқ ёд бўлиб кетган хар бир оханг ва товушлари. Овозимни шундоқ танийман, тўйда эса ким билиб ўтирибди, хеч нарсани билишмайди, чунки устидан куйлаб туришади.
Sayyod: Бирданига санъатга қайтишингиз бўлиши мумкинми? Дониёр Тошмухаммедов:-А? Йўўўқ, унақа деб ўйламайман, чунки....
Sayyod: Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, қанча устоз санъаткорлар охиригача боришяпти-ку -(Шу пайт шундоқ ёнимизда мошина тезликда бошқа мошинани орқасидан келиб уради, фикрлар бузилиб, савол жавобсиз қолади).
Sayyod: Сизнинг даврингиздаги санъаткорлар кимлар эди? Дониёр Тошмухаммедов:-Юлдуз Усмонова, деярли бир вақтда чиққанмиз. Мухриддин Холиқов, Охунжон Мадалиев, Ғиёс Бойтоев, Нуриддин Хайдаров, кўплари оламдан ўтган..
Sayyod: Бугунги кундаги санъаткорлар ўзаро муносабати у пайтлардан фарқи бўлганми? Дониёр Тошмухаммедов:-У пайтлар бизларда яхшироқ бўлган муносабатлар. Санъат бўйича рақобат бўлгани билан, одамгарчилик сал бўлса хам бор эди. Лекин санъаткорлар ўзаро иноқ бўлиши барибир қийин масала. Мен кўтарилган пайт хам душманликларни сезардим. Тўйга келганимизда боришимиз билан навбат бериб юборишарди, рейтинга қараб навбат бериларди. Яхши пул қистириб, яхши пул бериб тургандан кейин бошқа санъаткорларга барибир алам қилиши табиий, лекин тўй эгасининг бу хохиши. Кейин тўйларда кимни қарсаклар билан кутиб олишлари, ким модада бўлиб пичоғи кесса, ўша кесиб кетарди-да. Унга тан бериш керак. Тўғриси-да, кейин биз хам ўша иккинчи планда бўлиб қолардикда вақти келиб. Мен ўша пайтлар тўйларга кириб борганда, бир четда навбат кутиб ўтирган ёши ўтган санъаткорларни кўриб, мен шундай бўлмайман дердим, тушуняпсизми. Улар шу неча пул берса хам деб ўзини мажбурлаб келарди, шу бола-чақам бор деб.Чунки бошқа иш қилолмасди хам. Бориб тижорат қила оладими? Танилиб бўлган бўлса, хохламайди хам.
Sayyod: Сизни хам барибир одамлар танишади-ку Дониёр Тошмухаммедов:-Танишса хам барибир бошқа кўз билан қарашади. Ёшлар танимайди мени, 20 ёшгача бўлганлар танимайди.
Sayyod: Лекин тижоратингиз фақат ёшлар билан боғлиқ эмас-ку танимайди десангиз Дониёр Тошмухаммедов:-Айни вақтида чунки халқни ичига кириб кетдим. Бир ишда кўп шуғулланиб қолса, айниқса санъатда, бошқа ишни олиб кетиши жуда қийин бўлади. Негаки, ичидаги кибр деган нарса қўймайди. Халқ эъзозида юрган одам, эрта-индин бирор ташкилотга кириб, менга бунча пул ўтказиб беринг деб гапириши жуда қийин. Чунки бизни пул, шон-шухрат қувлаб юрган, ва бирдан хаммасини йиғиштириб, бошқа нарса билан шуғулланиш учун у босқичдан ўта билиш керак. Вахлироқ ўтса яхши, кеч ўтса ёмон бўлади. Ёшликдаги шижоат сўнмаган бўлиши керак. Кейин кеч бўлганда кибр, ғурур қўймайди. Санъаткорда эса бу бор инарса. Мен вахлироқ халққа кириб кетганим учун енгилроқ кечди. Ва ўзимни шунга ўргатдим. Ёши 50ларга кириб қолган санъаткор бошқа нарсага ўргана олмайди, бўлди шу санъатни юқтирган менга деб шу йўлдан кетаверади.
Sayyod: Санъатдан бирдан тижоратга ўтдингизми ёки аста секинлик билан? Дониёр Тошмухаммедов:-Санъатда бўлган пайтимдаёқ тижорат билан шуғулланардим. Дўконлар очгандим, шу нарсага қизиқардим. Эрта-индин санъатдан кетсам, шу дўконларим билан ўзимни овора қилиб юраман, қийналиб қолмайман дердим.
Sayyod: Миш-мишлар, турли гап-сўзлар болалади, хусусан бугунги кунда Сизни мошина тузатувчи костоправ деб хам айтишди? Дониёр Тошмухаммедов:-Костоправ? Йўғэ. Асли танилганимдан буён миш-мишлар чиққан мен тўғримда. Касал экан дейишган, турли касалликларга тиқиб кўришган, кўчадан эшитардим. Хали уйланмаган пайтларим, бир окамизни хотинларини шифохонадан олиб чиққани борсак, ана фарзанди бор экан, биринчи фарзанди мана бу ерда туғилибди деган гап-сўз тарқалган, вахоланки 1990-91 йиллар эди, хали уйланмаган эдим. 1994 йил эса ўлди деб гап чиқаришган. Одамлар уйимга фотихага келишган. Обид Асомов хатто аския хам қилганди. Кастаправ деган нарсаларни билмайман, қанақа у? Турли касб эгаси қилиб ташлашган миш-мишлар билан. Яна динни хам рўкач қилиб, хар хил гаплар қилишди, вахоланки 1992 йилдан намоз ўқирдим, лекин санъатни 2002 йилгача давомлаб келдим-ку. Бемалол, халал берадиган жойи бўлмаган, хизматларга борсак хам ибодатни қилиб, концертми тўйми қилиб юраверардик. Бефарқ бўлиб кетганман эшитавериб. Санъаткорни хаёти одамлар кўз ўнгида бўлгани хам менга ёқмасди.
Sayyod: Бугунги кунда кимнинг ижоди манзур? Дониёр Тошмухаммедов:-Барибир ўша устоз санъаткорларни тинглайман. Мақомлар барибир ўзига жалб қилади. Бугунги кундаги қўшиқларни бир-биридан ажратиш қийин бўлиб қолган. Чунки йўналиш битта, майли у овози билан ажралиб турар, лекин йўналиш битта. Саёзлик жуда кўп. Балким халқнинг талаби хам шудир. Жиддий қўшиқларни кўтармас балки..
Sayyod: Сизда фақат жиддий қўшиқлар бўлмаган-ку Дониёр Тошмухаммедов:-Бизнинг пайтда оғир қўшиқлар эштиларди, шўх бўларди, лекин барибир асосий урғу оғир қўшиқларга бўларди. Қўшиқларимдан “Турналар”, “Севиб қолдим”ни кўпроқ эшитишарди.
Sayyod: Нахотки бугунги кундаги хонандалардан биронтаси Сизни хайратлантирмади, қизиқмадингиз ижодига? Дониёр Тошмухаммедов:-Чунки мен айтганимдек, мақомларни эшитаманда. Хонандалар жуда кўп, ажратиб олиш қийин. Радиони эшитиб тураман, униси чиқади, буниси чиқади, эсда хам қолмайди. Бизнинг пайтлар саноқли хонандалар бўлиб, янги чиққан қўшиқни одам билиб турарди кимники эканлигини.
Sayyod: Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова… Дониёр Тошмухаммедов:-Санъати яхши деб биламан буларни. Озодбекни 1993-94йиллар билардим, секин санъатни бошлаган пайти эди.
Sayyod: Фарзандларингиз санъаткор бўлиши мумкинми? Дониёр Тошмухаммедов:-Қизиқишмайди-да. Энг катта ўғлим шифокор бўламан дейди.
Sayyod: Санъат олами билан мулоқотдамисиз? Дониёр Тошмухаммедов:-Ха, Авазбек Олимов билан гаплашиб тураман, кейин шогирдлар келиб туришади, Музаффар Абдуазимов, Даврон Эргашевлар.
Sayyod: Шогирд деб хисоблаган хонандаларингиз Дониёр Тошмухаммедов:-Энди албатта шогирдим деб айта олмайман, чунки ўргатмаганман, шунчаки олдимизда бирга хизмат қилиб юрган болалар. Мени қўшиғимни куйлаб, мени устоз деб билса, салом-алик қилиб юраверамиз, келиб Сизни йўлингизда айтаман деганлар кўп, лекин айнан кимнидир шогирд деб билмайман, айтганимдек чунки йўналиш кўрсатиб, охиригача кимнидир ўргатмаганман. Мана буни мен олиб чиққанман сахнага деб кимнидир айта олмайман.Бунинг учун шу нарсани қилиш керак.
Sayyod: Хеч ким билан дуэт айтмагансиз Дониёр Тошмухаммедов:-Йўқ. ким билади хеч хафсала бўлмаган шекил. Бир Рустам Махмудов билан дуэт куйламоқчи бўлган эдик, кейин ўхшамай қолган. Рустам энди хонанда сифатида танилаётган пайтлар эди.
Sayyod: Хозирги тижорат билан боғлиқ касбингиздан қониқяпман деб ўйлайсизми? Бу хам жонингизга тегиб қолиши мумкин-ку? Дониёр Тошмухаммедов:-Йўўқ, энди бу касбда ўзингга хон, ўзингга бек бўлиб юраверасан, хотиржам тинч бўлиб. Майли орада фойда ва зарар деган нарсалар бўлиб туради, лекин у хеч нарсалар-да. Асаблар билан ва юқорида айтган нарсаларим билан боғлиқ эмас-да.
Sayyod: Тижорат иши хам яхшигина асаб Дониёр Тошмухаммедов:-Хар холда бир вақтда уйга бориб келиб юрилади. Оилага яқин бўлади одам. Ўша пайтдаги санъатда зўр бўламан деган шижоатларим мендан кетиб бўлган. Санъаткор-чи зўр бўламан дейиши учун мана бу ери (кўксини кўрсатиб) ёниши керак-да, ўша нарса менда ёнмаяпти-да, нима қилай? Унга мен буйруқ бера олмайман-ку, ёнгин деб. Инсонга берилган истеъдод бу ноёб нарса. Жуда бир нозик нарса, у сўниб қолиб кетиб қолса, бировни таклифи биланми бошқаси биланми инсонни ўзида ичида ёнмаса уни қайта жонлантириш жуда қийин.
Sayyod: Санъатни Худодан берилган илохий туйғу деб биласизми? Дониёр Тошмухаммедов:-Билмадим. Ўзи айтишади-ку хамма артист деб. Истеъдод эгаси, иқтидор сохиби бўлиб ажралиб туради.
Sayyod: Бу интервью интернет оламидаги сайт билан чегараланиб қолишга келишдик. Ўзга давлатларда юртдошларимизнинг аксарияти Сиз хақингизда маълумотни кутишмоқда, уларга ва Сизни унутмаган ашаддий мухлисларингизга нималар деган бўлардингиз? Дониёр Тошмухаммедов:-Кўпинча мухожирда юрганлар, тирикчилик кетиданми бошқами, оилани қаттиқ ушлашларини, оилани биринчи ўринга қўйишни тилардим. Буни хаётим даврида тушуниб етдим. Оила бола-чақага эътибор керак. Чет-элга чиқиб кетаётган аксарият одамларнинг оиласи тарбиясиз қолмоқда. Пул топиш ўз йўлига, лекин оилага қараш керак. Бу юрагимдан тилагим-де бу. Чет-элда юрган хох аёл бўлсин хох эркак, оилани ва тарбияни биринчи ўринга қўйиши керак. Худони танишлик, ёлғонни гапирмаслик, ваъдани устидан чиқишликларни истардим, мен ўзи ёлғон гапрган инсонларни жуда ёмон кўраман. Ёлғондан қочиш керак, барибир таги чиқади, оқибати яхши эмас. Ваъдани хам уддалай олса бериши керак бўлмаса йўқ. Қаерда бўлишмасин тинчлик-хотиржамлик тилайман. Ниятни доим Худодан сўраш керак, одам олдига ниятни мақсад қилиб қўйиб унга интилса яхши бўлади. Ёшлигимдан ният қилиб мақсад қилиб Худодан сўраб келганман, шу санъат йўлида хам, хозир кўпроқ фарзандларим келажаги қизиқтиради. Майли, қандай касбда бўлмасин, бири шифокор бўламан дейди, бири бизнесмен, мисол учун бири олим бўламан дейди, шуларни ниятига етишиш учун ёрдам беришим керак. Ота бўлиб ниятига йўналтириб юборишим керак. Вазифам шу. Бола нимага қизиқса ўшанга кетиши керак, ота эса боласини йўналтириб юбориши керак. Одам ўзини олдига бир эзгу мақсад қўйиб харакат қилиб кетиши керак. Ният хам хар тарафлама яхши бўлиши керак. Чет элдагилар дуо қилишсин, мусофирнинг дуоси қабул бўлади дейишади. Ватанимиз учун, шу хамшахарларимиз учун, оиласи учун кўпроқ дуо қилишсин, ва у қабул бўлади.
Хулоса:
Бир танишим Дониёр билан кўп пайтлар бирга ишлаб уни жуда яхши танийди. Унинг фикри хам шу жавобларга хос равишда бўлди. Дониёрнинг жавоблари каби у хам санъатдан Дониёр бирдан кетмаган, у бир неча маротаба санъатни йиғиштириб, яна қайтганлигини тасдиқлади.
Билмасам негадир...балки ғалати туюлар, лекин Дониёр санъатга яна қайтади деб ўйладим. Балки сездим...Балки буни хохлаганимдан шундай туюлаётгандир. Вақт кўрсатар.
Дониёрнинг ўзига хос характери мавжуд ва халқда юрган хар-хил гаплар ўринсизлигига амин бўлдим. Шунчаки бир тарафдан ғурурига зид бўлган бўлса, бошқа тарафдан шунчаки чарчади. Бу каби инсонларни хаётимда учратганим боис ажабланмадим. Ўзимни албатта таққослай олмайману, лекин мен хам хаёт давримда ишламаган сохаларим борган сайин камаймоқда. Ишлаб юрган сохамда ютуқларга эриша бошлагач, негадир қизиғи қолмайди. Худди сайёд ўз сайдига етгани каби. Балки шунинг учун хам бу тахаллус менга яқин. Яна нафақат суйган касбингда, балки умуман хаётингда “комфорт” деган нарсага чекланиш бўла бошлагач касбнинг қизиғи қолмас экан. Санъат эса ўз номи билан санъат-ки ижодкор учун озодлик хисси мухим. Санъаткор тушунчаси шоу-бизнес вакили тушунчаси билан ўзгара бошлагач анчагина санъаткорларимиз “йўқ” бўлиб қолганликлари эса айнан уларнинг санъатдаги озодликлари-ю “комфорт”лари бузулганликларида деб ўйлайман. Шоу-бизнес тушунчаси афсуски санъатдаги хаққоний иқтидор курашини четлаштириб, молиявий устунликни киритганидан сўнг… Куни келиб Санъат деган тушунча ачиниш тушунчасига хос бўлишидан инсон қўрқади. Ахир Орол денгизи хам бир пайтлар денгиз бўлган.
Хулосамга қайтсам:
Ғурур...бу сўз қанчалар ифтихор бўлса шунчалар бешавқат. Хаётимда нимагадир ёрдам берган бўлса, нимадандир, баъзида хатто кимдандир воз кечишга мажбур қилган бу туйғу. Дониёрнинг жавоблари менга жуда таниш ва яқин. Шунинг учун хам бу соха оламини кўпинча мен хам тарк этишни кўп ўйлардим.
Сизнинг хулосаларингиз нималардан иборат?
Sayyod. 2009-йилги сухбат
Форумда бахс ва тортишув бўлиши оддий хол, лекин бу форум бир оиладек бўлиш ниятида очилганини унутмайлик!
|
|
| |