[ Янги изохлар · Фойдаланувчилар · Қоида · Изламоқ · RSS ]
  • Страница 1 из 1
  • 1
Модератор форума: Giyos, SarVario, komol_76, Anv@rbek  
Шерали Жўраев; "Хато қилдим, ёшлик қилгандирман"
SayyodСана: Якшанба, 26-Дек-2010, 03:46 | Изох # 1
Рахбар
Гурух: РАХБАРИЯТ!
Изохлар: 1167
Тақдирланишлар: 0
Холати: Хозир йўқ

Санъатимизнинг тирик афсоналаридан бири, устоз ва хофиз Шерали Жўраевнинг хонадонида бўлдик. Бизни кутиб олган кенжа ўғли Зоҳир Шоҳ Жўраев мехмонхонага таклиф қилиб отаси намоз ўқиб чиққунича гаплашиб турди.
Хофизимиз уйчи кийимда чиқар деб ўйлагандим, йўқ, Шерали Жўраев ўша сахна ва твларда кўрадиган кўринишда виқор билан чиқиб келди.

Дастурхонга эътиборимизни жалб қилган жаноб Жўраев, негадир интервьюга қизиқиши йўқдек туюлди.
Илк савол берилганида ўйлаб, кейингиси-чи деб кулимсиради. Кейинги саволни эшитгач, биринчи берилган саволга қайтиб, сухбат ўз ўрнига қайтди.

Бу хам ўзига хос синов бўлса ажаб эмас, негаки хофизимиз сухбатга жуда инжиқ, ва хатто сухбат бошиданоқ тўхтатиб туриб кетиши хақида эшитгандик хам.
Демак менга омад кулиб боқди))

Бугунги кунда кўнгил қай холда, ўзингизни қандай хис қилмоқдасиз?

-Алхамдулиллох, ўзимни жудаям чиройлик ва яхши хис қилмоқдаман. Кўнгил ўз ўрнида, яшаш шароитим ёмон эмас Оллохга беадад шукур. Асосийси инсонга керакли нарса бўлган соғлиқ хам ёмон эмас. Қолгани хаммаси топилади.

Сўнгги альбомларингиздан “Гулбадан” альбоми жуда омадли чиқиб яхши оммалашганди, ундан кейин альбомлар бўлдими?

-Ундан кейин 5-6та альбом чиқди, “Кўзларга боқдим”,“Қора кўзли санамжон”, “Эй гул” дегани ва кўп нарсалар бор, менимча ўша ўзини эшитувчиларига етиб бориши керак-да. Етиб бориши учун эса хар-хил холатлар бор, ва ўша холатлардан биз фойдаланмаяпмиз.

Реклама...
-Ха, шулардан фойдаланмаяпмиз, сабаби керакмас шу нарсалар.

Лекин “Гулбадан” альбоми реклама қилинмаганди.
-Ўша пайт реклама бўлганди. Кейин рекламага қизиқиш йўқолди. Зарур бўлмай қолди. Мухлислар ўзлари топиб олишар, чунки улар ўзларига кераклисини топиб олишяпти. Бозорларда дискларимиз сотувда бор. Фирмамиз орқали чиқарган дискларимиздан “пират”лар фойда қилиб тирикчилик қилади холос. Хозирги қизиқишларим ўзбегимнинг улуғлари тўплаб қўйган ижод намуналарини шу студиямизда куйга солиш билан ўтмоқда. Хозирги кунда бора-бора улуғларимизни биров эсламайдиган пайтга айланиб қоляпти. Масалан хазрат Навоийни шеъриятига биров қўл ура олмайди, сабаби тушунмайди ё тушунтира олмайди. Чунки ўша мактабдан тушунишимиз керак. Уни мағзини чақиб берадиган одам бўлиши хам керак. Ғазал бошқа, шеър бошқа, туюқлар бор, тўртликлар. Булар бутунлай бошқа ўз ўрни бор нарсалар. Минг йиллаб маданиятимиз тўплаган бойликлари бу. Бугунги кундаги ижодлар эса бир кунлик бўлиб қоляпти, аввалги боболаримиз қандай ижод қилган деган қизиқиш бўлмаяпти. Харакат бўлса хам эплай олмаётган бўлишлари мумкин. Санъаткорда имконият бўлмаслиги хам мумкин. Бўлган тақдирда хам ундай чиройлик қила олмаслиги хам мумкин. Чала ва мақомида эмаслиги билиниб туради, ва натижада одамнинг рухиятига ёқмайди. Миллий мусиқада куйлаяпман дейиди, қиляпти лекин у одамни рухиятини хам уйғотиши керак-ку.


Ўзини оханги бор демоқчисиз

-Ха, ўзини йўл-йўриғи ва мақоми бор. Чиройлик, гўзал қилиб бериш хам керак-да. Овқат қилмоқчи бўлсангиз, кастрюлкада пишириш мумкин, халиги микроволновкада хам пишириб бериш мумкин, қозонда хам қилиб бериш мумкин. Лекин қозрнда қиляпман деб туриб, бемаза қилиб берса, емайди-да тушуняпсизми? (кулади) . Рухият озиқланиши керак.

Яъни бунинг учун хаммаси мукаммал бўлиши керак

-Мукаммал бўлиши керак. Рухиятимиз чиройлик нарсани яхши кўриб уни англай олади. Уни хохлаб туради. Хаётимда кўп кузатганман, умуман хеч нарсани тушунмайдиган гўдак хам қўшиқ рухиятини англаб тебраниб туради, вахоланки у классик қўшиқни сўзларини тушунмайди-ку. Қуръон ўқилганида хам хамма сўзларини арабча бўлгани учун тушунишмасада беихтиёр тебраниб эшитишади, рух тушунаётган бўлади. Мусиқа хам шундай, одамни рухи маза қилиши керак. Рақсга тушиш учн эса жудаям бир чиройлик қўшиқ бўлиши шарт эмас. Унга ритм кифоя.

Миллий чолғулар ўрнини компютердаги товушлар эгалламоқда, сиз айтгандек рухият озиқланиши учун гўзал мусиқада барибир ўша чолғу бўлиши шартми?

-Чиройлик қилиб берса фарқи йўқ.

“Гулбадан”да компютер, бугунги кун техникасидан фойдалангансиз.

-Ха “Гулбадан”да хаммаси синтезатор ёрдамида амалга оширилган. Халиги найлар хам. Уни чалгувчи хам яхши бўлиши керак-да (кулади), унинг қўлида дарди бўлиши керак. Уни тепасида туриб ўзим айтиб турганман. Биринчи 30дан зиёд скрипка чалдиргандим, лекин мен айтган нарсани бермади. Ўша бошида хис қилган холатни бера олмади. Чунки скрипкани чалаётган созандалар нота билан чиройлик чалиб бергани билан дардсиз чаляпти-да. Натижада халиги бир эски кино бўларди “Стадионда учрашамиз”мидией номи, хуллас шунга ўхшаб қоляпти (кулади), шунда тўхтанглар, бўлмайди деганман. Миллий асбобни хам хунук чалса эшитгингиз келмайди-да. Ижрочи чиройли куйлаши ва чалгувчи хам чиройлик ўрнида чалиши керак, шунда мукаммал ва чиройлик асар бўлади. Бўлмаса бир ой эшитарсиз, бир йил кейин эса эсдан чиқади. Хозир қаерга борсам бир маротаба бўлса хам шу “Биринчи мухаббат” ва “Гулбадан”ни сўрашади.


Нима учун кейинги қўшиқларингиз шу “Гулбадан”чалик оммалашмади? Барибир реклама дея оласизми, вахоланки у пайт ундай реклама бўлмаганди.

-“Гулбадан”дан кейин чунки ўзим тўхтатдим ижодни. “Гулбадан” билан бирга чиққан бошқа қўшиқларим хам бор эди. Ундан кейин “Сочларингни сариққа бўяб нима қиласан” бўлди. “Гулбадан”ни радиокомитетда ёзаётган пайтим бир дўстим мени тўй хизматига илтимос қилди. “Наврўз” катта ресторанида эди. Бир қўшиқ айтиб қайтаман, радиога боришим керак деб “Биринчи мухаббатим”ни куйлаб турсам, бир аёл чиқиб рақсга туша бошлади. Сочи хам калта, унақа узун хам эмас (кулади), лекин сааап-сариққа бўяган (кулади). Соч хам халиги сариқ қизил аралаш, тавба, нимага унақа қилдийкин дейман. Хизматдан чиқиб мошинага ўтирар эканман “Сочларингни сариққа бўяб нима қиларсан” дедим ўзимга ўзим. Шуни айтиб мошинага ўтирдим ва боргунимча бир куплет тайёр бўлди. Кейин радиода ўтириб қолган куплетини хам ёздим.

Асли машхур қўшиқларингизни аксарияти тасодиф яралган экан

-“Гулбадан” хам Чимкентдаги хизматга кетаётганимда йўлда ёзганман. Лекин Гулбадан деган жойи йўқ эди, шунчаки бошидаги тўрт қаторини ёзиб кетдим. Бу қўшиқни турли ёшдаги инсонларга тўғри келадиган бўлишини ўйлаб ёзганман. Керак бўлса мингта ёшларбоп қўшиқ ёза оламан, лекин мени бошқа 70-80га кирган тингловчиларим хам бор, улар нима қиларкин бу ёшболага ўхшаб куйлаб дейишидан қўрқаман.


Замон талаби-чи?

-Замон талаби ўз йўлида кетаверади. Лекин хар замонда ёшларбоп хам ёзиб тураман. Яқинда икки альбомим чиқади, бири “Одам”, иккинчисини номланиши хозирча сир. Бу альбомларда улуғлар шеъру ғазалларидан фойдаланиб, ёшларбоп қўшиқлар хам ўрин олади.

Шоҳ Жаҳон Жўраев билан “Қизлар таърифи” дуэти каби?

-Бу биринчи қўшиқларимдан бири, Шоҳ (Шоҳ Жаҳонни назарда тутади) уни олиб туриб мен билан бирга куйлади. У қўшиқ чиққанида сизлар йўқ эдингиз (кулади). Неччига кирдингиз хозир? (жавоб олгач:) Туғилган пайтингизда энди чиққан экан. Ундай қўшиқларим хозир хам кўп, 20-30та чиқади, лекин уяламан куйлашга. Ёшларга ёқаверади, қарилар эса кулиши мумкин, бир икки маротаба шундайлар устидан “Мана буни қара ёши бир жойдаю ёшларни ичида юрибди” деганини эшитдим-да. Ўзим хам, ўғилларим хам куйладиган қўшиқлар қиляпмиз.



Ижодингизда миллийликдан хеч бўлмаса гохида чекиниш бўлмаган. Бошқа йўналишда куйлаб кўрганмисиз?

-Бўлган, авваллари кўп бўлган. Лекин узоққа бормайди-да. Бир икки йилда эсдан чиқади. Шуни хисобга хам олган холда шу йўналишимдан чиқиб кетишни хохламайман. Кейин номимиз чиққанига 40 йилдан ошди. Ўша номга халал бериб қўйишдан қўрқаман. Шу холатда хам тирикчилик ўтяпти. Ашула тайёрлайман десам кунига 50-та тайёрлаб бера оламан. Мен учун имконият шу даражада, қийин эмас мен учун ашула тайёрлаш. Хозирги бошқалар каби ишласам ўзим шу 50-тача қўшиқ қилиб беришим мумкин, вахоланки улар эса тайёр туркча қўшиқларни шартта олади ва уялмасдан ўзимники деб куйлайверади. Бунақа нарсаларга мени бетим чидамаган бўларди.

Устоз сифатида уларга маслахат берасизми?

-(Кулади) нима қилайлик?-дейишади. Яқинда бир хозирги яхши, мана-ман деган хонанда билан учрашиб қолдик. Шу ишларинг яхшимаску десам, ха нима қилайлик хамма ерга кириб бўлган бўлсангиз дейди. Биз энди у ерларга кира олмаймиз, сизникига ўхшаб қолаверади деди. Бир жуда яхши ўз мақомини ушлаб турган мусиқачи бор, бир икки мусиқаларимни қўшиқ қилиб бир икки яхши хонанда қизларга қилиб берибди. Бир жойда “каламушга ўхшамай, тўғри иш қилинглар” деб гапириб юбордим. Эшитиб қолиб мени каламуш дединг деб менга арз қилди. Меники эканлигини билиб устига қўшиқ қилиб бошқа бировларга берсанг, эртага мани ўғилларим билан сани ўғилларинг тўполон қилса нима бўлади дедим. Нима қилай энди 7 нота бўлса, ўхшаб қобти-да деди. (Кула-кула:) Нимага Бахга ўхшамаяпти, нимага Моцартга ўхшамаяпти дедим. Қўшиқларимизни олиб ўзгартириб куйлаб юрган шогирдларни хам билиб юрибмиз.


Машхурликнинг чегараси хақида. Қанча машхур бўлса шунча айтилган гап тезроқ етиб боради. Сиз, Юлдуз Ибрагимовна...
Юқорида “гапириб юбордим” дедингиз, машхурликнинг чегараси айнан шундай хатоликдами?

-Одамлар шуни кутиб ўтиради-да. Шундан бир нарса чиқармикан, бир нарса дермикан?-дейди. Уни фойдали ва зиёнли тарафларини ишлатувчилар хам бор. Бу хам бир бозор-да, айтиб фойда қилувчи бор, ва айтиб кимгадир зиён берувчи бор. Ўзимизни химоя қиламиз деб аччиқда гапириб қўямизу, ундан бошқалар фойда қилади. Хазрат Навоийни “Мени қалбим шайдолик диёри” деган гаплари бор. Яъни юраги ошиқлик мамлакати дегани. Мени қалбимдан чиққанини карвон бозорларга олиб боради, ўша бозордан ошиқлар сотиб олиб, бир-бирига тарқатади дейди. Кўнгилдан чиққан охим, айлар афсун халқ савдосин, Ки шайдолик диёридин етишган карвондир бу - деган сўзидир. Бизнинг оғзимиздан чиққан гап хам кимгадир фойда келтиради, кимгадир зиён. Машхурликни чегараси машхурлик бошланганидаёқ чегарасига келган бўлади. Танилдизми? Тугадиз! Ахли тариқат хам шунақа. Мана авлиёлар, ахли тариқат аслида ўзларини беркитишлари керак деб айтилади. Танилиб ё билиниб қолса тамом бўлади. Хар бир кўринган инсон машхур бўлдим деб ўйлайди, бир хиллари шунга ишониб кетади, эртага бир нарса ўсиб чиқишини эса билмайди. Бугун бахор, эртага куз бор, қиш бор, дарахтлар баргини тўкади, мевасини тўкади ва яна гуллаши керак. Яъни ёнида яна ўсиб чиқадиган нарсани ўйлаши ва унга рози хам бўла билиши керак. Бундан ташқари одам ўзини йўқотмаслиги керак, санъаткор ижод қилмаса ўзини йўқотади. Ва ана шу 4-та ашуласи билан бир умр юраверади Хазрати Навоий, Жалолиддин Румий, Бобур Мирзо ва яна бошқа машхур улуғларимизни кечаларини қиляпмиз. Кечада уларнинг хаётлари хақида сухбатлар ва шеъриятларини қўшиқ қилиб куйланади. Бу кечаларни видеога ёзиб дискларни сотувга чиқараётгандик. Уларни одамлар эслашлари учун вазифамиз. Одамларнинг ёдида шундай улуғларимиз борлигини эслатиб туришдек ишларни бошлаб қўйиб шу билан банд эдик. Хазрати Бобур Мирзоники мана охиргиси энди яқинда тайёр бўлди. Асли 4 йилдан бери чиқара олмаётган эдик. Ўзи Бобур Мирзони хаёти хам оғир бўлган экан, унга аталган кечани видеосини чиқаришимизга хам 4 йил керак бўлди.


Мана шу улуғларимизни мамлакатимизда билмайдиган одамларни ўзи бўлмаса керак. Мактабданоқ таништириб борилади, бир нарсани ўйлаб қоламан, юз йилдан кейин бугунги кундаги тарихимизни олиб ўтармиканмиз ё фақат тарихда яна ўша улуғларимиз бўлармикан? Санъат оламидан тирик афсоналаримиз хам бор, улар қаторида сиз хам тарихга кирарсиз. Бугунги кундаги яна тарихга хослар борми, шундай шоир ва ижодкорларни сезяпсизми?

-Бор. Совет давридаги шеъриятимиз, идеология бошқача эди. Шуни эвазига ёзувчи ва шоирларимизни кўпроқ қиладиган иши хато бўлса хам тўғри деб айтиши керак бўлган. Хозир мустақилликка эришганимиздан кейин эса мана бу нотўғри эди деб айтиляпти. Лекин унда ўша хаммаси мақталган ва тасдиқланган. Шуни шоирлар ёзган, улар куйланган ва шунга ўрганган. Буни хамма сохада деса хам бўларди. Худодан қўрқмасди. Хозир эса хаммамиз худо деймиз, каттамиз хам кичигимиз хам Худога шукур деймиз.

Лекин ижодингизда деярли фарқ сезилмаган, демак санъатингизга таъсири бўлмаган?

-Чунки ўзим шундай бўлиб олганман (кулади). Ўша пайтдаги мактабдан ташқарироқ, бошқа дастурда ўқиганман. Буваларим илмли инсонлар бўлган экан, отам: “Ўғлим биз мактабда ўқий олмадик, сен ўқигин, илмли бўлгин”-деганлар. 2-3 синфларда Хазрат Навоийни катта китоблари “Хамса”, ва жамийки достонларни олиб келиб алохида ўқитар эдилар. Ўзлари ўқишни билмаганликлари учун менга ўқи-дердилар. Мен халиги радиода диктор ўқийди-ку, шунақа даражада ўқиб берардим (кулади). Ўғлим олим бўлади деб мақтаб қўлимга 1-2 сўм бериб қўярдилар. Шу катта китобларни олиб келиб ўқитганлари менга катта фойда берди. Биз бошқа одам бўлиб ўсдик.


Фарзандларингиз-чи, ўзингиз истаган орзуларни ўғилларингиздан кўряпсизми?

-Булар гўдаклигидан, мана Зоҳир Шоҳга шеъриятни тушунишга осонроқ бўлади деб Фирдавсийни ўқитганман. Хозир булар баъзан шеърлар хам ёзиб туришади, хатолари бўлади, албатта мукаммал бўлиши учун хали анчагина бор. Аста секин ўрганилади, хали биз хаммасини ўрганмадик.


Ўғилларингиз ижодини халқ хамиша сизники билан таққослайди. Бу Сизга шукроналик хиссини берадими ёки уларга ўзлигингни топ дейсизми?

-Албатта хавотир бор. Адашиб қолмасликларини ўйлайман. Зўр бўлиб кетдим деб ўйламасликларини ўйлайман. Танилиш бошқа, одамлар “О, фалончи!” дейиши бошқа, уни кўтариш керак, мукаммаллаштириш керак. Жуда мукаммал бўлиб кетса хам бўлмайди-ю (жилмайиб), ўртача бўлсин хеч бўлмаса. Санъат шунақа нарса, санъатда жудаям зўр бўлиб кетсанг, одамлар тушуна олмай қийналишади. Шунинг учун ўғилларимни баъзи қўшиқларига ха майли-майли деб қўяман, баъзиларига эса бўлмайди бу қўшиғинг дейман.


Ўғилларингизни санъатга йўналтиришдан аввал чўчиганмисиз?

-Ўзим қийналганимни билганим учун буларни санъаткор бўлишини хохламагандим. Санъаткор бўлиш яхши нарса, лекин қийин тарафи жудаям кўп. Хаммани кўзида турасан, хато қилмаслигинг керак. Хато қилмаслик учун эса одам фаришта бўлиши керак. Одамзот борки хато қилади.

Лекин иккала ўғлингиз хам санъатни танламаганида-чи ачинган бўлармидингиз?

-Ха, ачинган бўлардим (кулади).

Бахтим тўкис, хаммасига эришдим дея оласизми?

-Хаммасига эришиш жудаям қийин нарса. Бу мумкин эмас.

Санъатдаги юқори поғонадаги ўрнингиз...

-(дарров) Йўқ. Хали етиб борилмаган. Халқ кўзи билан ўзига, лекин ўзимни камчилигимни ўзим жуда яхши биламан.

Хали куйланмаган қўшиқларингиз бор

-Кўп, тўлиб ётибди.

Ўғилларингизни миш-мишлар хар йили уйлантиради

-Уйлантирмоқчиман, қиз топилмаяпти (кулади).

Севганига уйлантирасизми ё ота-она фикри билан?

-Одам севганига уйланиши керагу, лекин барибир ақл билан севиши керак. Севаётган одам кимни севаётганини билиши керак. Севаман экан деб хаммани севавериши хам керак эмас. Ўзига кейин бало орттириши керакмас. Севганимни ақли қандай, эртага мана шу қилиғи билан мени юзимни сарғайтириб, ерга қаратиб қўймасмикан?-деб ўйлаши керак. Севги шунақанги нарса-ки, кўзинг кўради, ёқади, уч-тўрт кундан кейин қарасанг бир балоси чиқиб қолади. Эртага афсусланиб юрмаслик учун одам хамма нарсани ўйлаб кўриши керак. Ота-онасини кўринг, юриш-туришини кўринг деб айтишади, энди аввало бу тақдир. Парвардигор Одам Атонинг қовурғасидан Момо Хавони яратиб берган экан, хар ким ўзини пешонасига ёзилаган қовурғасини топиб олиши керак. Ўшани топмагунча бахтсиз бўлаверади.


Санъаткорлар билан муносабат қандай, кўришиб турасизми? Дўстона муносабатлар ким билан?

-Хаммасини яхши кўраман. Яхши кўрмасам хам, уларга ёмонлик раво кўрмайман. Кечаси намозда ўтирганимда бутун дунёни, юртимизни, ўғил қиз ахли аёлимни дуо қиламан. Шу дуода улар хам кетяпти, улар мени сўкяптими, қарғаяптими, ёмонлик қилишни хохлаяптими бу уларнинг хисобида. Мени вазифам аввало дунёга, кейин юртимизга, кейин оила аъзоларим, яқинларим, дўстларимга, ўзимга дуо қиламан. Буни қилмасангиз қиёмат бўлади, буни хамма қилиши керак. Хеч ким гунохдан холи эмас. Одамзот борки гунох қилади, бўлмаса учиб юрган бўларди авлиёлар каби. Хазрат Навоийнинг 17 томидаги китобида бир авлиё хақида ёзганларини ўқигандик. Чивиний деган зот хақида, у одам чивинни хам ўлдирмас экан. У киши хақида дўсти гапиради: Чивинийни дўкони олдида сухбатлашиб ўтиргандик, бир отлиқ келию, “Чивиний, асрда фалончини жанозаси ўқилади, хабардор қилгани келдим, шуни жанозасига ўтиб қўярсиз” деб кетибди. Аллох рахмат қилсин деб дўконига кириб кетибди, анча вақт қолиб кетгани учун орқасидан кирса дўконда йўқ эмиш. Вахоланки дўконни бошқа чиқадиган эшиги хам тешиги хам йўқ. Дўкон очиқ бўлгани учун уни қоровуллаб эшик тагида қолибди. Кечки томон Чивиний бўйнида бир мато билан бошқа тарафдан қайтиб келибди. Қаёқда эдингиз?-деса, халиги оламдан ўтган инсон Хиндистонда эди, уни жанозасидан қайта туриб фалон шахардан мана шу матони хам олиб келаяпман деб елкасидаги матони кўрсатибди. Ўша одам шундай учиб юрган экан, бировга озор бермайдиган, хато ва гунох қилмайдиганларга мана шунақа имконият берилар экан. Хуллас биронта хонандага ёқмасман, биронта шогирдга хам. Яхши кўрмас ва мен тўғримда яхши гапирмаслиги хам мумкин, Лекин уларга ва уларнинг оиласига хам соғлиқ тилайман.

Айнан кейинги саволим шунга хос. Номингиздан фойдаланишми, пиарга қўллашми бир урфга кирди. Балки ўша чиқаётган хонандалар провокация қилибми, ё халқни ўзи тарқатдими билмадиму хар қалай хар кимни хақиқати ўзида. Бир видеолавхада шундайларнинг бирига жавобингиз қатъий бўлганини хам кўрганмиз. Ўша вақт буни пиар деб қабул қилганмисиз ёки бошқа бир фикрда дебми?

-Бундан икки учта фойдаланувчи одамлар бўлади.

Бир йилда Шерали Жўраев билан боғлиқ анча гап бўлди.

-Ха, бировлар ўзини номини чиқариб олиш, ё ўзини кўрсатиб олиши кераклиги учун қилгани бўлиши мумкин. Хаммасига Худо бор. Мен тўғримда айтилган гапларни бировлардан эшитдим, бошқа созанда ва хофизлар гапирган гапларини хам. Кўчириб олинглар мана бу Шералини мана бундай дебди деган хонандаларни айтиб беришди. Яъни уларнинг маза қилишаётганини (кулади). Энди бу дунёда шундай бир савдо, шу бечоралар шундай қилиб маза қиларкан-да. Худойим бизга шундай қулинг ўргилсин хаётни берибди, шунақанги имкониятни берибди, бир гўзал неъматни берибди. Одамларга рухий озуқа олиш неъматини берган экан, мен ундан ёмонликча фойдаланмоқчи эмасман. Мен уларнинг дарди ва алами нимада эканлигини биламан.


Интернет оламида бу видеолавхага фикр билдирганлардан “Халқ ардоғида бўлган халқ хофизига қандай бўлмасин чиқиб келаётган хонандага нисбатан хақороти ярашмаган” дейилган. Яна бошқа фикрларда “Хофиз буни ўз оиласига тажовуздек қабул қилган, алам қилган уни хам тушуниш керак” дейилганди.

-Шоҳ Жахон ва Зоҳир Шоҳлар туғулгунча Шерали Жўраевда хеч нарса бўлмаган! Бирданига булар туғулиб (кулади) сал улғайиб қолгач мана шунақа гаплар кўпайиб кетди. Мен ана шу нарсаларни биламан.(жилмаяди) Ва энг дахшатлиси уларни кимлигиниям биламан. Улар кимга қарашли эканлигиниям биламан-да!

Демак пиардан ташқари бошқа манфаат хам бўлган?

-Манфаат бор эди. Тирикчилик манфаати хам бор бўлган, мана шундай қилсак зўр бўлади деб. Ўғилларимни йўқ қилишга харакат қилганлар хам бўлди. Касал қилишга харакат қилгувчилар бўлди. Умуман хаётига хавф соладиган даражадаги ишлар қилишди, уни силарга айта олмайман! Ўшани ана шу одамлар қилди! Ўша бизнесни кўзлаганлар йўқ нарсани бор нарса қилишмоқчи бўлишди-да. Бу билан хеч ким хеч нарсага эришгани йўқ.


Сиз танилаётган даврлар хам шу тариқа қийин бўлганми, реклама ва пиарлар қўлланилганми?

-Мени танилишим осон бўлган.

Рақобат бўлмаганиданми?

-Йўқ, бўлган жудаям. Дахшатли бўлган. Андижондан Тошкентга 1965 йил келганман. Отам рахматли бир қассобга сўйиб сотишга қўй берган, ўша қўйни пулини олиб келганман. 100 ёки 150 сўм эди. Аслида физкультурный институтга келганман, ашулачи бўламан деган ният умуман йўқ эди. Ёш болаликдан адабиёт ва санъатга қизиқиш бўларди, 15-16 ёшдан овоз чиқмай ишламай қолди. Вахоланки Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов қўшиқларини чиройлик ва ўзидака куйлардим. Машрабжон деган бир амакиваччам бор, жуда гўзал куйларди, бирга куйлардик, оталаримиз мақташарди чиройлик куйлашди деб. Радиода биронта қўшиқни фалончи қайта ишлади деб қўйса «хах ўлдирибдия ашулани” дейишарди(кулади). Қайси ашула яхши, қайсиниси ёмон ўшанда билиб олардик. Ўтиришларда, мехмон келганида иккимиз ўтириб куйлаб берардик. Китобларни отамга юқорида айтганимдек чиройлик ўқиб берганимда болам олим бўлади деган отам ашула айтиб қолсам хафа бўлиб қоларди(кулади). Отам хохламаган хонанда бўлишимни, хатто калтак хам еганман (кулади). Хуллас овозим чиқмай, авжларни айта олмай қолиб хайрон бўлиб қолдим. Физкультурный институтига топшириш нияти бўлганида, бир икки нарсаларни ўзлаштира бошлагандим. Ориф Холматовчи деган бир окамиз бўлиб, халиги Джексонни шогирди эди…

Джексонни?
-Бу бошқа Джексон (кулади). Бокс бўйича. Хуллас хаммасидан, шу боксдан хам имкониятларим зўр эди, хужжатларни тайёрлаб Тошкентга ўзим келдим. Махалладошимиз Машраб опа Тошкентга келиб “Рабочий городок” махалласида яшаётган эди. Поезддан тушиб, таксига ўтириб уларни уйига келдим. Хўжайнларини исми Малик ака эди. Хозир уларнинг уйи ўрнида бензин қуйиш шахобчаси қилиб қўйишибди, аввал трамвайлар айлана парки бўлган. Нариги қўшинисидан сўрасам айтмади, махала кўчасини бу ён тарафида бир оқсоқол ўтирган экан, у (ўхшатма қилиб) “окаси бу ерда унақа одам турмайди” деди. Одамлар айтмас эканда, вахоланки йўлнинг нариги бетида яшашади. Физкультурный институтга келганимни, қаерда эканлигини билмаслигимни айтсам, “Мана бу ердан 49чи автобус юради, Эски Жўвага бориб, ўша ердаги стадиондан сўрасангиз айтиб беришади” деди. Уларни гапига кириб, шу автобусга ўтириб бордим, илгари Эски Жўвадаги боғни ёнида дам олиш парки бўларди, “Жангох” дейишарди. Уни ёнида ТЮЗ (Ёш томошабинлар театри) бўларди, шуни ёнида автобус тўхтади. Хасти Имомга қараб юриш керак, паркни дарвозасидан ўтиб, боғни ёнидан ўтасам ўнг тарафда баланд иморат турибди. Эшигига дутор билан доирани расмини осиб қўйибди. Дарвозаси очиқ. Шунга кириб кетдим. Кирсам катта майдон, қоровулхонасида хеч ким йўқ. Ўнг тарафида 2-3 қаватли узун иморат, шунга чиқиб кетавердим. Хеч ким нега кирдинг демаяпти-да. 2-қаватга чиқсам пианинони овози келяпти, узун коридор, пианино овозига қараб боряпман, шу кимдир етаклаб кетаётгандек, бўлмаса умуман режамда бўлмаган нарсалар. Шу узун коридорни охирига бориб мусиқа овози эштилаётган эшикни очсам, бир бола ўтирибди. Ўша пайт “Стиляга” кийим, оёғи ингичка шим, ялтироқ қоп-қора лакированный туфли, сочини силлиқ тараб олган бир кичкинагина болача ўтирибди. Спортив кўринишдаги баққуват баданим бор, бўйим баланд, бир одам урадиган хунарим бор (кулади). Шу эшикни очганимда бундай қараб (ўхшатма қилади) “Ха, санам ўқишга келдингми?” деди. Сан деган сўз бизда ишлатилмайди, ўзидан каттага сан демаслик керак, ўзи кичкинагина болача экан, сан деганига аччиғим келиб, хозир шуни бошига бир ураман дедим. Отамни аччиққа сабр деган хикояси бўларди, ўша секунда шу миямга урди. Ачиққа сабр қилиб жуда ката нарсаларга эришган бир инсон хақида жуда катта бир хикоя эди. Халиги нарсаларга хам сабр қилаётганим сабаби хам шу аслида (кулади). Хуллас тўхта, чидагин дедим ўзимга. Ўқишга келдингми деганига, ха деб жавоб берадим. Тошкентча шевада “Бўлмаса қани буёққа кел-чи, овозингни текшириб кўрайлик-чи” –деди. Яна сенляпти, биринчисига чидадинг-ку деяпман ўзимга, бунисига хам қўявер индама, жа бўлмаса кейин аламингни олаверарсан деб олдига борсам, қани пианинога овозингни тушириб олайликчи деб чала бошлади. Пианинони ноталарини овозим бемалол ола бошлади, кенг хона бўлганига овозим жаранглаб чиқа бошлагач, овозинг зўр экан-ку, қани кеттик бизникига деди. Кейин билсам, мендан асли ёши ката экан, яхши хам урмаганим (кулади). Исми Жаббор экан, доирачи. Хасти Имом масжиди ёнида 6 тупикда яшар экан, уйига етаклаб олиб келди. Уйига кира солиб “Ойии санга ўғил олиб келдим” деди, (эслайди) Оллох рахмат қилган бўлсин онаси жуда яхши аёл эди, отаси хам яхши инсон эди. Бизни мехр билан кутиб олиб, олдимизга мошкичири қўйдилар. Хаётимда бу таомни кўрмаган эканман.


Андижонда тайёрланмасмиди?

-Йўқ, емаганман-да, қанақа овқат экан деб зўрға бир нарса қилиб едим. Шу билан уларни уйида қолдим. У кириб қолган жойим маданий техникум экан, шунга мен хужжатимни топшириб юбордим. 5 бахо билан кирдим. Жабборларни уйида кечгача қолиб, ярим тунда ўша Андижондаги махалладошимиз Малик акани уйи “Рабочий городок”га бир ўзим яёв қўлимда сим ўйнатиб келаман, кўчада 10-15та йигитлар туради, хеч нарсадан қўрқиш йўқ. Келиб девордан ошиб тушиб кириб ухлайман. Кейин Малик ака; укажон, ярим тунда бизни безовта қиляпсиз, уйғотиб юборяпсиз, эртароқ келинг дейди.
Техникумда ўқиш бошланишидан 2-3 кун аввал бизни бир Хасанбой деган тарафга тўйга бир домла олиб борди, ўша ерда икта ўзимни ашуламни айтдим. Мендан ташқари яна бир ўнтача болалар хам иктадан қўшиқ айтиб, тўй хам тугади. Бизни олиб келган у домла бир аёлмижоз эркак экан, ўзи ўйинга ўргатадиган раққос экан. Қилиқлари хам қизларникига ўхшагани учун ёқтирмадим. Бир қирғиз она бўларди, ўқиб қўядиган, шу тўйга келишимдан аввал, ўғлим тушимда туя минибсан, сенга хар хил бемаза одам учрайди хаётда, шулар билан яхши гаплашма деди. Шу гап ёдимда қолган. Ўша халиги аёлмижоз домла билан йигитларимиздан бир иккиси илакишиб қолди. Эртаси куни ёлғондан мана шу билан илакишдиларинг деб халиги айтишадику “пушкага олиш” деб, шундай қилсам, у бечоралар бориб халиги домлага айтиб қўйишибди, қилган ишларимизни билиб қолибди деб (кулади).
Ўша пайт кўринишим бўйим баланд, сочларим жингалак елкамга тушади, қоп-қора кийиниб юраман, хаммасидан баққувватман, мандат ўқиладиган пайт орқада ўтирибман. Мен 5 олиб кирганимни айтишди, бир бола ўтмаган экан, йўқ дейишди-ю, ўтмади демади. Мен ха домла айтинг ўтдими ўтмадими деб оғзимдан чиқиб кетди. “Хей сен қора кўйлаклик жингалак!” деди халиги аёлмижоз домала, сани биламиз, Эски Жўвани кўчада юрадиган муттахамлари билан бирга юрасан, у одамларни ундай қилади, бундай қилади деб бир қўрқинчли одамларнинг ошнаси деб гапиряпти мен у айтаётган одамларидан қўрқиб кетяпман, лекин индамадим.. Хамма орқасига мен томон гурр этиб қараб қўрқиб қолишди.Бу домла хамма домлаларга таништирадиган экан, хамма домлага кириб мени шу тарзда таништира бошлади. Улар хам менга бир балодек қарайди. Энди шундан буёғига яхшимасман-да тавба(кулади). Хали ўқиш бошланмасданоқ хаммаёқда кўчани энг ёмон одамларидан бири деган ном билан қарашади. Болалар хам қўрқиб гаплашмайди. Ўқишимиз ўша Эски Жўвада, ётоқхонани эса “Рабочий городок”дан берди. Халиги хар кунги 5 пара дарсдан алохида ашула дарси бор яна. У дарс эрталаб соат 7да бўлади. Консертмейстер бир рус аёли , Жамол Низомхўжаев деган опера ашулачиси бор шулар якка дарсни ўтказишади. Халиги домла аламини мендан олиши керакку, шунга мени ёздирган. 7да бориш учун сахарлаб соат 6да туришим керак, троллейбус юрмайди яёв келишим керак. Дарсхонага келиб электр печкасига чой қўйиб, қайнатиб чой дамлаб туришим керак. Улар иккиси келиб чой ичиб “Қани бошладикми” дейишади. Мен эса хатто чой ичиб келишга улгурмайман, мени овозим эса ишламайди. Ўша пайтдаги отам ёмон кўрадиган бир ашула бор шуни ўргатишади (куйлайди) Минг яшааа партия, жонажоон. Бизни махаллада бунақа ашулани эшитишмасди, мен эса Комилжон Отаниёзов ва Маъмуржон Узоқовларни қўшиғини куйлаб катта бўлганман. Бир кун кечга қолдим, чой дамлаб туришим керакку ахир. Халиги домлам бола, яна кечга қолсанг келмагин дедилар. Эртасига яна кечга қолувдим келмай қўя қолдим. Эрта туриш, халиги қўшиқларни айта олмайман, Сталин деган қўшиқ хам бор, ёқмайди менга у қўшиқлар, хуллас бормайдиган бўлиб қутулиб олдим. Халиги аёлмижоз домлани дарсига хам кирмай қўйганман.
Ўша пайт Акбар деган мен билан бирга кирган йигитлардан бири Филармонияда студия очилганлиги ва ўқувчиларни қабул қилишаётганлигини айтиб қолди. Свердлов концерт зали дейилади, ўша ерга бирга бордик. 1965 йил бўлаётган воқеа. Борсак Омон Абдураззоқов деган йигит бор экан, ўша кейин Театральныйда домаламиз бўлган. Шу одам ўша пайт филармонияни студиясига, филармонияни ўзини ашулачилари бўлсин деб қўшиқчилик учун талабаларни қабул қилаётган экан. Ўзим ёзган ашуламдан биттасини айтдим. Яхши экан овозингиз, бўлди деди. Энди бир этюд кўрсатиб берасизми?- деди. Этюд нималигини билмайман, нима у?- дедим. Тасаввур қилинг уйингизга келсангиз, олиб келиб қўйган гўштингизни еяптган экан, шу мушукни ушлаб беринг деди. Эшикларни ёпиб, деразаларни ёпиб, югуриб уёққа буёққа қувиб бердим, бўлди етарли, тамом ўтдингиз деди. Хар куни ўқишга шу ерга келадиган бўлдим, Волков деган домла вокалдан дарс бера бошлади. Рахматли Волков жуда яхши инсон эди, овози операга хос жуда баланд тенор овози бор эди. Мени ашула айтаётганимни кўриб “Шерали, не так, отпусти вот эти места (томоғига ишора қилиб), когда отпустишь, ни у кого не будет такого голоса!” деб тушунтирарди. Маъмуржон Узоқовларни ашулаларини айтиш учун баланддан қичқириш керак-ку, шунақа қилиб ўзимни қийнаб бақирардим. Сен ундай қилма, сенда бошқа овоз бўлиши керак дерди. Уни айтганини қилиб, кўчаларда хам овоз чиқариб юрардим, кўрган одам бу жинни бўлса керак дерди (кулади). Овозимни шаклланишига ўша одам сабачи бўлган.
Техникумда хужжатларим бўлгани билан у ерга бормай қўйдим. Студиядан хам техникумдан хам стипендия олмайман. Филармонияда хужжатим бўлмаганидан, техникумга бормаганимдан энг дахшатли жойи пул йўқ. Уйдагиларга мени олиб кетиб қолишмасин деб қўрқиб, хамма нарсам яхши деб ёзиб юбораман. Ўзим пулсиз юраман.

Қанақа яшагансиз?
-Бугун хам шуни эслагандим.......

Давоми: Дадахон Хасановнинг хақоротлари сабаби, Эркин Комилов Шерали Жўраевдан хеч қачон хонанда чиқмаслигини айтгани сабаби, тўқликда ўсаётган фарзандлари эрками?, ва шунингдек бир пайтлар фарзанд кўрсам барча пулларимни ўчоққа ташлаб ош бераман деган гаплари нақадар чин бўлган?

Кейинги хафта!


Изох қолдириш

Сайт янгиликларига қайтиш



Форумда бахс ва тортишув бўлиши оддий хол, лекин бу форум бир оиладек бўлиш ниятида очилганини унутмайлик!
 
GiyosСана: Якшанба, 26-Дек-2010, 05:04 | Изох # 2
Сайт ашаддий мухлиси
Гурух: ФОРУМ МОДЕРАТОРИ!
Изохлар: 1130
Тақдирланишлар: 6
Хурмат даражаси: 59
Холати: Хозир йўқ
Sherali Jo'rayevga gap yo'q

Sog' salomatlik...
 
Ziyoda-01Сана: Якшанба, 26-Дек-2010, 05:12 | Изох # 3
Иштирокчи
Гурух: Янги аъзо
Изохлар: 110
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 12
Холати: Хозир йўқ
Sherali Jo´rayev va Yulduz Usmonuva bular doimo halq dardini kuylaydi menimcha bularni qo´shiqlari qancha zamonlar utsaham tarihda qolishga arzidi...
 
DurdonСана: Якшанба, 26-Дек-2010, 06:41 | Изох # 4
Рўйхатда
Гурух: Янги аъзо
Изохлар: 5
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 13
Холати: Хозир йўқ
Giyos shuncha harakatizga mana forumgayam qo'yishibdi! ))))) Qaren omadiz borakan endi hamm ashu forumga kirib o'qiydi )))))))
 
max_uzСана: Якшанба, 26-Дек-2010, 16:33 | Изох # 5
Рўйхатда
Гурух: Янги аъзо
Изохлар: 2
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 25
Холати: Хозир йўқ
олдимизга мошкичири қўйдилар. Хаётимда бу таомни кўрмаган эканман. Shu yerda adashdi-yo Anjonda ham bu taomni qilishadi.
 
BeXaСана: Якшанба, 26-Дек-2010, 16:48 | Изох # 6
Рўйхатда
Гурух: Янги аъзо
Изохлар: 1
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 14
Холати: Хозир йўқ
raxmat davomini xam kutib qolamiza intiizorlik bilan
Бириктирилиш: 5508431.jpg (123.1 Kb)
 
DilyaСана: Чоршанба, 05-Янв-2011, 10:45 | Изох # 7
Рўйхатда
Гурух: Форум аъзоси
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 171
Холати: Хозир йўқ
Farzandlariga ham gap yo'q torisini etsam fonogrammadan foydalaniw ulani oyilasi uchun UYAT hisoblanar ekan!!! Boshqa san'atkorla o'rne olila! respect Zohir shoxi zarqaynarda jivoy etganlarida voobwe hurmatim owib ketgan vot eto golos!!!

 
___angel___Сана: Якшанба, 19-Июн-2011, 02:42 | Изох # 8
Рўйхатда
Гурух: Янги аъзо
Изохлар: 43
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 33
Холати: Хозир йўқ
omad sizga.

Добавлено (19-Июн-2011, 01:42)
---------------------------------------------
omad sizga.

 
LiLi_YaСана: Пайшанба, 28-Июл-2011, 22:04 | Изох # 9
Рўйхатда
Гурух: Янги аъзо
Изохлар: 28
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 42
Холати: Хозир йўқ
Nostalgiya ))

Mohi Ramazon qutlug' kelsin... Muborak bölsin!
 
bek88Сана: Сешанба, 24-Янв-2012, 14:19 | Изох # 10
Сайт ашаддий мухлиси
Гурух: Форум аъзоси
Изохлар: 1565
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 649
Холати: Хозир йўқ
Bu sayt O'zbekistondaki eng zo'r sayt ekanligiga yana bir bor ishonch xosil qildim. Entervu uchun raxmat. Xech qaysi saytda Yulduz Usmonova, Sherali Juraev xaqida malumot, entirvusi yuq. Sayt raxbarlariga va sa'natkorlarimizga sog'liq omadla tilab qolaman. DJ.BEK.

Sayyod.com hayotim bir bo'lagi.
 
oybekСана: Душанба, 30-Янв-2012, 14:54 | Изох # 11
Иштирокчи
Гурух: Форум аъзоси
Изохлар: 213
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 851
Холати: Хозир йўқ
zurku,shu mavzuni davom etsangiz Sardor iltimos... smile
xaqiqatdan xar kimga xam emas,buyuk sa'natkorlardan intervyu olish.


 
Bek8855Сана: Душанба, 13-Фев-2012, 02:37 | Изох # 12
Рўйхатда
Гурух: Янги аъзо
Изохлар: 19
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 23
Холати: Хозир йўқ
Sherali Jurayev Xoji Doda Omad Ishizga

Sayyod.Uz,Sayyod.Com [Jonli Sayt]
 
Janob420Сана: Душанба, 13-Фев-2012, 02:54 | Изох # 13
Рўйхатда
Гурух: ЗАПРЕТДА!
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: -1
Холати: Хозир йўқ
Hammaga shunday omad kulib boqsin ishingizga rivoj.

Men sevaman
 
___angel___Сана: Душанба, 13-Фев-2012, 19:37 | Изох # 14
Рўйхатда
Гурух: Янги аъзо
Изохлар: 43
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 33
Холати: Хозир йўқ
MAN SHERALI JO`RAEVGA E`TIROZIM YO`. LEKIN UNI YOQTIRMIMAN. SABABINI HAMMA BILSA KERE...
 
Janob420Сана: Душанба, 13-Фев-2012, 19:40 | Изох # 15
Рўйхатда
Гурух: ЗАПРЕТДА!
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: -1
Холати: Хозир йўқ
Мен билмиман сабабини айтворинг иложи булса факат чатда.

Men sevaman
 
vipbanerСана: Якшанба, 26-Фев-2012, 01:11 | Изох # 16
Рўйхатда
Гурух: Янги аъзо
Изохлар: 68
Тақдирланишлар: 0
Хурмат даражаси: 88
Холати: Хозир йўқ
Suhbat uchun rahmat navbatdagilarini kutib qolamiz. Sardor aka omad !

Intilganga toley yor
 
  • Страница 1 из 1
  • 1
Поиск: