13:00 Сарсон ва ёнаётган ўзбегим!-шумиди келажак? | |
Уй бузилишлари билан боғлиқ яна бир аянчли холат хақида хозиргина ўқидиму, кайфиятим тушди. Нима учун бу нарсаларга жим қаралмоқда, тушунмайман? Киндик қони тўкилган жой деган тушунча менталитетимизга хос тушунча. Яна “чироғимни ёқиб ўтирарсан шу уйда” деган буви ва буваларимиз сўзлари... Майлида, нурабгина турган бўлса хам ўша ошиён кимларгадир шу қадар азиз ва бебахоки... Рости хам бир Ватандек! Шу жойда болалик тарихи, яхши кунлари, хотиралари...ностальгия...бу оиланинг умр тарихи бор жой. Азал обод яшаб турган уйни Ватан деб номлаб келганмиз. Уйни сотма, уй бу Ватан тушунчалари хам мавжуд. Аммо уйни кимдир келиб бузиб ташланишидек холатлар бу биргина оилани Ватани эмас балки, бутун бир бошли Ватан фожеаси эмасми? Яна кунда кунора уй бузилишлари билан боғлиқ жанжаллар, ўзини ёқиб юборишлар каби холатларчи? Бу миллат ва инсонийлик олдидаги фожеа эмасми? Шуми кутилган ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК?! Ўзбекистон келажаги порлоқ деб бот-бот қайтардик....одамлар ўзини ёндириши билан "порлаётган" келажакка етиб келдикми?
Ёш йигит қизларимиз дунёга мардикор бўлиб тарқаб кетгани бошимизга келганди, кетидан энди ўз уйидан қувилиб ўзини ёқишгача бориш даври қўшилди. Неча оилаларда болалар отасиз ва онасиз катта бўляпти. Ота оналар ўз фарзандини кучоғига олиб ухламаяпти... мусофирликда. Шуми биз кутган келажак?
Собиқ иттифоқ фарзандиман, қанча ўзгаришлар, ССРдан то Мустақиллик ва Республикамизни оёққа туриш давридаги оғир кунлар, сўм купон, талонга нон ва озиқ-овқатларни узун навбатда кутиб чегараланган миқдорда олиш кунлариниям кўрдик. Ўзбекистон келажаги буюк давлат деган шиорларни баралла айтиб сабр билан....ва... етиб келдик...(ми?) Ўзини ёқаётган ва чет-элда мардикорликда умри ўтаётган ўзбеклар!-шумиди келажак?
Биласизми, бизнес ва пул ортидан қувиб айнан шу муқаддас тушунчаларимизга қарамай одамларни чирқиратаётган бизнесменларни тушунмайман. Улар хам ўзбек а? Мана шу менталитет , мана шундай тушунчаларда катта бўлганмикин? Уларни хам буваси, бувиси бўлганмикан? Оиласи билан бир ховлида яйраб яшармикан ё умри давомида ижарада яшаб, аламзада бўлиб ўсганмикан улар? Агар шундай бўлса хам, қайтанига қийинчилик кўрган уй-Ватанни қадрига кўпроқ етардику! Шунча одамларни чирқиратиб қурилган кўп қаватли уйларда ким хотиржам яшаркин? Қайси бизнесменни яхши кунига яраркин шундан топган пуллари?
Ё бўлмаса, бирор фалокат бошга тушса “Бу нима учун манга, Аллох?” дея нолишадию ўзларига элементар саволни бера олишмайди: “Мен абадийманми? Мен жавоб бермас ишлар қилдимми? Буёдан гунохни БИЛА туриб қилиб ва шартта югуриб кетидан намоз ўқиганим ювиб ташлармикан? Худони алдай олдимми? Кимнидир дилини оғритганим тешиб чиқмаяптими?" Йўқ, шартта садақа бера бошлашади ё домлама домла, шифокорма шифокор ва натижада одамларга зуғум қилиб топгани ўн чандон бўлиб бурнидан булоқ бўлади. БЎЛАДИ! Ишонинг, хали хеч бир титраган қалб, йиғлаган кўнгил, қақшаган юрак хақи жавобсиз қолмаган! Исботланган! Нохақлик қурбонига айланганлар, мен сиз билан! Сабр! Охиригача курашинг! Аммо ўзингизга озор бера кўрманг, улар бундай қурбонликка арзимайди, улар билан курашмоқ керак, ўз хақингизни талаб этишда куч ва матонат тилайман! Ва энг асосийси: Унутманг, Ватан сотилмайди!
(с) Sayyod
| |
Бўлим: Baxs| Tanqid | Janjal | Кўрилган: 2201 | Чоп этди: Sayyod |
Нравится
Барча изохлар: 0 | |