17:30 Санъат ва дин. Кетмоқ ё мақтанмоқ? Қочмоқ ё курашмоқ? | |
Танганинг биринчи тарафи:
Ижодкор санъатни тарк этса хам ўзидаги санъатдан кета олмас экан! Бунга йиллар давомидаги кузатишларим сабаб амин бўлмоқдаман.
“Санъатни тарк этдим”- дея тоғу тошларга тарки дунё қилса хам, ўша ердан туриб селфи қилиб “суратимни оммага кўрсатсам”- дейдиган даражада тузи оғир бу санъатни гўё. Бир машхурликни сезган инсондаги у туйғунинг хумори билан курашиш имконсиздек. Мана шундай зиддиятлар ўйлантиради... Санъат оламидан мусиқа харом ва суратга тушиб уни тарқатиш мумкин эмас деб билиб Ислом динига берилган инсонлар вақт ўтиб ўзини Ислом илмига берилгани хақида фото ва видео билан ошкора овоза қилиши бу ижобий тарғиботмикан ё ўша машхурлик хумори хисси билан аслида курашиб енга олмагани далолатимикан?-деган фикрлар туғилади. Бу эса уларни ўзларига берадиган саволи. Қизиқ, нима жавоб олишаркин ўзларидан?
Биласизми, тарғиботсиз натижага эришиб бўлмас хайрия тури бўлган #faxrliinson орқали қон топшириш ва моддий хайрияни овозасини мақтанишдек бахолайдиган Исломдан бехабар ёки чаламуллалар халиям изохларда учраб туради. Вахоланки Қуръони Каримнинг Бақара сурасида ошкора ва яширин савоб хақида келтирилган бўлиб, бошқалар ўрнак олсин дея ошкораси яхшироқ дея талқин этилгани кўрсатилган.
Шу ўринда савол бор... жамият фойдаси учун қилинаётган шу лойиха овозаси олдида ўзи учун танланган йўлни “Мен Ислом илмини ўрганиш учун санъатни тарк этдим” деб фото ва видеода ошкор қилинса бу хам тарғиботмикан? Шунчаки яхши тарафини хам кўргим келяпти-да! Асосийси ният!-дейилади Ислом хикматида... Шу учунам курашиш қийин бўлган машхурлик хисси-хумори бошқармаётган бўлса бошқа гап. Фото ва видео овозалари негизида яхшиликка тарғибот нияти бўлсин ишқилиб дейсиз.
Ислом динининг кўринишидаги асосий муаммолардан бири бу дин ва ўранганликни ниқоб қилиш бўлиб кетган давр хозир... Кунда кунора хижобга хўжакўрсинга кириб на намозни адо қилиши ва на хижоб қоидаларига амал қилишни билмаганларни хатти харакатларию ўзларини тутишлари аслида ўранганлик ниятини сездириб қўйиши сир бўлмай қолган. Айниқса иккинчи хотин бўлиш учун усул қилиб олингани кўпчиликка аён. Рости, кунда кунора эшитадиган мавзу шу. Айниқса таксичилик қилаётган хайдовчиларни айтиб берадиган воқеаларидан хайратланаман.
Хижобдаман дейдию чапланиб бўянади, ялтир-юлтур рўмолларга ўранади ва камига тор шимларда...бу ўранганлик ва хижоб эмаску ахир... худди “Мен Ислом илмига берилдим”- деб ўзини реклама қила бошлаётган айрим санъат вакилларидек. Соқол қўйгану ўзи камера олдида мақтаняпти... ачинарли кўриниш очиғи... Исломга киришини хам шоуга айлантириб ўз сахифасида “хайр шоу-бизнес” деб интрига бошлайдию, сабабини сўрасанг “майли сир бўлақолсин” деб интригани давомлайди, лекин нега бўлмаса ёзасан сахифангга галварс десанг эса табиийки хафа бўлади. Бироз ўтиб , интрига вақтини чўзиб туриб шартта соқол қўйиб кўриниб “Мен Ислом илмини танладим , санъатдан кетаман”- деб видеолавха чиқаради... ўйин бўлиб қолгандек хаммаси... Худбинлик йўлидаги худбинликни намойиши.
Дунёни ларзага солаётган қабихликлардан юқорида айтганимдек динни ниқоб қилиш натижасида Исломдан Европаликлар хадикадиган бўлиб қолган . Буни сўнгги чиқаётган фильмларда хам кўрсатишяпти. Айниқса самолётда ўтирган соқолли киши ёки хижобдаги аёллларга хавф билан қарашлари эса бир-бир янгиликларда хам жаранглаб туради. Ўзимизни мусулмон жамиятимизга бир назар солсак, ўша айтганимдек, асосан эр топай деб рўмолга ўранганлар касрига покиза ният билан хижобга кираётганларга хам баробар хадик билан қараладиган бўлиб қоляпти. Афсус, лекин ўша ўранганларни соф ниятлигиси жудаям жудаям кам-да! Энди навбат эркакларга келяптгандек. Хўжакўрсинлик қурсин. Бу борада шоу-бизнес деганни ичида бўлган, реклама ва пиар, машхурлик хиссини туйганлар ўша хумор билан кураша олмаслиги аслида танлаган йўлидаги асосий мағлубияти бўлса керак. Зеро, айнан ўша хиссиётни аввало енга олиши керакмикан...Кетдингми жим кет, бўлди кўринма, нима керак бундан хам шоу қилиб? Буни ўтакетган айёрлик билан паст даражадаги бошқача турлари хам мавжуд: Балки ўзини ижодкор сифатида “емай” қолганиданми ёки халқ олдида қарсак ва мақтов олишни энг осон йўли бу исломий сатрлару исломий суратларни қўйиб оммага ўйнаб бериш - бу хаммаси фақат гапида, ёзувида...Амалидачи?, қилаётган ишларида ёки шунчаки хаётда шахс сифатида қарасангиз....Мухлислар ва обуначиларни эса 90 фоизи уларни хаётда билмайди ва фариштадек образига ишониб суяди. Халқ мехридан сохта фойдаланиб сохта обру топаётганларга хам ачинасан... Бу нафақат санъат оламида балки халқда хам ўша ўранганию бошига дўпписини михлаб олганларни айримларини тилидан Исломий сатрлар тушмай одамларни мехрини “кинналаб” юрадиган салкам “отин” ва салкам “сўфи”ларни бир четдан кузатсангиз фарз амалларидан бирортасини бажармайди. Намоз хам ўқимайди. Ўзи учун бу албатта, бироқ ўзидан ислом пешвосини “ясаб” реклама қилиб юриши тўғрими? Майли , хозир бу хақида эмас, хамма ўз ниятига қараб олаверар, оммани алдагани билан ўзини ва айниқса Аллохни алдай олмас, хозир санъатдаги дин ўрни хақида фикр юритар эканмиз, масаланинг бошқа тарафига хам қарасак.
Танганинг иккинчи тарафи: Ижодкор санъатни тарк этса хам ўзидаги санъатдан кета олмайдигандек... балки! Бекоргамасдир? Мухими у санъати тўла тўкис яхшиликка хизмат қила олиши бўлса-чи? Кимдир ижодни тарк этиб фақат ўзи учун тўғри йўлдаман деб биларкан, бу балки савоб ва жамият олдидаги худбинлик, ким эса ижодда бўлиб санъати орқали жамиятга яхшилик улаша оларкан. Бу эса балки икки карра савобни эгаси бўлмоқлик, яъни ўзига хам ва бошқаларга хам савобга эришиш учун имкон бера олишдек ортидан қанча одамни эргаштира олса. Махорати бўлсагина эргаштира олади, демак махорат деб аталган истеъдод хам Аллох тарафидан бежиз берилмаса керак?
Мана мисол учун Сами Юсуфни олинг. Уни соф аудиторияси айнан исломий инсонлар дерсиз, тўғри бироқ, ибратли сўзлари барча аудитория тили бўлган - мусиқа орқали хаммага бирдек сингдирилмоқда! Бу дегани эса хамма аудиторияга! Шу учунам у дунё миқёсида таниқли ва хурматга сазовор ижодкор! Унга шунчаки артист қўлланмаси ярамайди. У ўз истеъдодидан Аллох йўлида яхшилик учун ва Ислом динига хисса қўшиб келмоқда.
Услуб! Усул! Ният ва натижа! Инсонга онг бежиз берилмаганку. Ишлатиш учун! Икки йўл танловидаги мухим омил бу онгни ишлатмоқ, берилган синовни тўғри тушуна олмоқ, қабул қилмоқ ё у билан курашмоқ. Бунда эса фарқлай билиш: қўлингдаги қуролми ё у қурол ва хам ускуна бўла олиши мумкин бўлган хамда синовга берилган ноёб хислатми?
Нафсга алоқадор дейлик, рақсдаги харакатлар билан шахват уйғотувчи , ишқий сўзлар, мусиқадаги ритм ва эффектлардан фикрларда шахватга йўналган иллюзиялардан қочиш бор аммо ўша инсон шу тушунчаларга таянган холда санъатдан кетгани билан, санъатда бўш ўрин бўлмаслиги ва бу жараён тугамаслигини англаб, ижодда унга Аллох тарафидан берилган хислати орқали ўша нафс омилларини бўғиш учун махоратидан ускунадек фойдаланмоқ хам бор. Худди Сами Юсуфдек. Қай бири мухим асли танланган ва тўғри йўл деб билинганида? Сенга шу хислат берилган ва сен хислатданам шу жойданам кетяпсан...
Дониёр Файзни олайлик, у машхурлигидан қисман фойдалангандек. Яъни номи бор, чехра таниш ва қарабсизки йиллар ўтиб у қори сифатида намоён бўлиб телеграмда канал очди хамда ишонинг, бугунги кунда у жамийки таниш қориларимиздан машхурроқ бўлмоқда. Намоён бўлганини ўзидаёқ катта шов-шувга сабаб бўлиб ОАВда мухокама қилинди. Демакки у ўша йиллар мобайнида унга келтирган машхурлигидан унумли фойдаланмоқда. Бироқ у кетар чоғи бу хақида айтмади хам реклама хам қилмади, кетганидан кейин 7 йил ўтиб менга берган сўнгги интервьюсида хам ( http://sayyod.com/forum/8-1038-1) у дин мавзусини умуман аралаштирмади. Йиллар ўтиб у қори сифатида намоён бўлганида у ўз амаллари билан динга қандай хисса қўшаётанини исботламоқда холос.
Қайдам, балки санъаткорга берилган халққа сингдира олиш хислати билан бирга айнан шу санъат оламидаги бузуқ фикрларга ундовчи бошқа иллатлардан тозалаш учун хам айримлари ижодий аскардек юқоридан танланар? Ва ундан тўғри фойдаланишни билмай кимлардир шартта тарк этётгандир? Биз кўп нарсаларни билмаймиз, кўп нарсаларни хикмати остидаги механизмлар сири ва хоказо...
Яратувчилик Аллохга хос, ихтиро ва тайёрлай олишдек хислат хаммага хам берилавермайди ва бунинг хикмати нимада экан? Шу озчиликка бериладиган хислат нахотки синови у билан курашмоқ ва қочиш?!Балки ундан фойдаланиш учунам хаммага берилмаган ноёб хислатдир? Мен хозир аниқ санъатдан хислати махоратли бўлганларни назарда тутяпман, кунда кунора чиқаётган бизнес, эр топиш, жазман соғиш, бой яшаш, хою хавас ва хоказо учун компютерни куйлатаётганларни эмас! Қалб ва вужуди билан санъатни хис қилиб унга ўзини қарамдек сезадиганларни назарда тутяпман.
Ахир инсонга берилган хислатлар Аллохдан ва бекорга шунчаки эмаску. Онг асли ишлатиш учун. Шу биланам инсон хайвондан фарқлаб қўйилган. Ақлку хайвонда хам бор. Овознику айтмаса хам бўлар...
Иқтидорни синов учун деб талқин этиб у билан дарров курашиб эмас балки уни яхшиликка тадбиқ эта олиш хам бир махоратмикан? Сийқаси чиққан оддий элементар сўзлар: Пичоқ билан сўйиш хам мумкин, пичоқ билан таом хам тайёрлаш мумкин.
Аллох билгувчи!
Хуллас, санъат ва дин масаласида шахсий ва балки субъектив фикрларим билан бўлишар эканман имкон қадар мавзунинг икки тарафини хам тахлил этишга харакат қилдим. Хулоса ўзингиздан. | |
Бўлим: Din | Кўрилган: 5019 | Чоп этди: Sayyod |
Нравится
Барча изохлар: 0 | |