Бош сахифа » 2019 » Май » 18 » "Лекин хеч қачон чиқмас ёдимдан..."
00:38
"Лекин хеч қачон чиқмас ёдимдан..."

                   Инстаграмда Ортиқ Отажоновнинг "Эслаб" кўрсатувидан парчани кўриб ва ундаги Ортиқ акани  "торимдан айрилиб қоламанку бир кун" деб йиғлаганию, унга қўшилиб ўғли Улуғбекни кўз ёши тасвирланган лавхани кўриб, "Шу кўрсатув бунча бехосият бўлмаса, ишқилиб,  Яйра опаям чиқмаганмиди бу кўрсатувда?" деб юборибман. Обид Асомов шу кўрсатувда чиққач хеч қанча ўтмай оламдан ўтганди. Ортиқ Отажонов   хам  шу кўрсатувда рафиқаси билан иштирок этиб, яна хеч қанча ўтмай бирин кетин Ортиқ ака рафиқаси ва ўзи хам оламдан ўтганига  ишониш қийин бўлиб, бир сабаб излагандек бўлдимми, қайдам. Аввало ажал ва бари Аллохдан, тушунаман, Ўзи берган хиссиётларга тўла бандаман-да, уларга тобе бўлиб турсам керак...

 

Ўзбек санъатининг буюкларидан бири, афсонамиз Ортиқ Отажонов оламдан ўтганига мана иккинчи кун бўлса хам-ки, шахсан менда бунга ишониш қийин кечмоқда. 
Сўнгги кунлар бирма-бир таниқли шахслар оламдан ўтаётганини билиш нақадар оғир... Хаммаданам Отажоновлар оиласига бу йил жудаям оғир келди... кетма-кет жудолик ва тасодифлар хикмати..
Тасодифлар хикматига тўхталишдан аввал шахсан менинг хаётимдаги Ортиқ Отажоновнинг ўрни хақида айтиб ўтмасам бўлмайди.


                       Узоқ болалик чоғларимнинг маъюс  хотиралари Ортиқ Отажоновнинг "Умр ўтар" қўшиғининг дардли ва мунгли мусиқа садоларига рахматли тоғам, созанда ва бастакор Коммунар Комиловнинг айрилиқ азобида аянчли дув-дув тўккан кўз ёшлари билан боғлиқ.
Шу қўшиқ хали хануз бошланишидаги сознинг том маънодаги  "йиғлаб нола қилаётгани" болалигимни эслатиб қалбимни мунглик қоплайди.
                       80-чи йиллар, хали мактабга чиқмагандим, 4-5 ёшлардаман, чамамда. Шу катта тоғамни рафиқаси авария сабаб оламдан ўтди. 
Ишонасизми, оила аъзоларимиз шу қўшиқ ёзилган кассетани беркитиш билан бир йили ўтди.   Бола бўлсам хам айнан ўша қўшиқни мунгли мусиқасию "...сени кулишларинг, сени юришларинг, холим сўрашларинг" матни билан баравар тоғамнинг эзилиб йиғлаши худди кечагидек ёдимда сақланиб қолган. "Яна шу кассетани топиб олдингизми?"-дея   ўчириб , кассетани беркитишга тушишарди. Чунки тоғамни эзилиб йиғлашига чидаб қараб туриб бўлмасди. 
 Коммунар тоғам  49 ёшида айрилиқ азобига чидай олмай, шу қўшиқ билан йиғлай-йиғлай оламдан ўтган. Рафиқаси Озода опа оламдан ўтганидан бошлаб хар куни  ховлимизда таралган бу қўшиқ бир йилга бормай тўхтади... Турмуш ўртоғисиз умри бир йилга базўр етдию...кетди. ...  

Шу-шу оиламизда бошқа бу қўшиқни қўйишга хам, эфирда чиқиб қолса тинглашга хам хеч кимнинг матонати етмаган.

https://www.youtube.com/watch?v=PnxW0wyqYJg

                   Умримда санъатга доир касбда ишлайман деб орзу қилмаганман. Хамиша медицина ва хуқуқ тартибот сохасига интилиб, у сохаларда ишлаб тажриба орттиришга хам эришиб улгурдим. Аммо...қарангки она тарафимдан ижодкорлар қони кучлилик қилиб,  барибир 2007-йилдан шу санъат ўзига йўлимни тўғирлаб қўйди. Бошқача таърифлай олмасам керак. Рости, худди кимдир шу йўлимни ёзиб бергандек, кўрсатилган йўлдан юриб келавергандекман.  На бир режа қилганманбу сохада ва на бир мақсад. Майли, бу алохида бир мавзу...

 

                    2008-йил боши, қиш, хаммаёқ қор,  Улуғбек Отажоновдан интервью олгани унинг уйига келдим... Интервью тугагач, Улуғбек уйи олдидаги офисни кўрсатиб режалари билан бўлишди. Шу офисга кирган кунимдан, ўша офисда шу билан қолиб кетдим хисоби. Хонанданинг таклифига биноан унинг продюсерига айландим. Бу масъулиятли ишни менга ишониб, мени ўзимни устимда ишлаш учун имконият бергани учун унга рахмат айтаман.

 

(2008-йил илк маротаба интервьюга келганимдаги офис-студиядан сурат)

 

 Шунингдек,  унинг бир неча клипларини суратга олишга киришиб кетдим . Клипмейкерлик борасида    хам айнан шу инсон сабаб клип олишни ўзлаштириб ишлашимга у имкон бўлди. Биринчи олинган клип "Лабингда" эди.

 

("Лабингда" қўшиғига клип олиш жараёнидан 2008й)


Улуғбек жуда инжиқ хонанда ва жудаям талабчан бўлгани боис, мен унда ишлашимдан аввалги  бир неча суратга олинган клиплари монтажи ёқмаганига қолиб кетган экан. Энди монтаж ишини ўрганишимга хам ўзимда вазифа туғилди.

 


Бу орада Али Отажоновни хам экран юзига чиқариш борасида иш бошладик.

 

 

(Али Отажонов янги мошина олиб Ортиқ акадан дуо олгани келганида суратга олгандим..)

 

 


            Орадан бирмунча вақт ўтмай Ортиқ Отажонов унинг ижросидаги мен ўзим истаган бир қўшиққа ўзим истаган тарзда клип суратга олиш таклифини билдирди. Мен учун бу жудаям катта масъулият эди.

"Куйлар" қўшиғини танладим ва клипни суратга олдим. Тўғриси, шу кунгача олган клипларим орасида айнан шундай афсонавий инсон билан бирга ишлаб унга клип олиб беришдек бахтга сазовор бўлганим учунам мана шу клипнинг  қадри баланд.  Майлида, хозир у клипни кўриб куларман, хатолари жуда кўпдир, аммо Ортиқ ака ижодида умуман бошқача ва кайфиятли клип бўлиб ўша пайтлар ким кўрган бўлса барчага бирдек манзур келганди. 

https://www.youtube.com/watch?v=zwt3WTm2tew


                     Ортиқ ака менга тўлиқ ишониб, суратга олиш ишларидан олдин уларга танлаб берган кўйлаккача кийгандилар. Халиги кўйлакни шим ичига тиқмоқчи бўлганлдарида, йўқ, устига чиқаринг "так прикольно и молодёжно" деганимда хам, "ха нима десанг шу" деб ўшандоқ чиқиб,  клип бошидаги тор билан боғлиқ рольни хам ижро қилиб бердилар. Хуллас ишлаш жудаям осон кечган. Жудаям кўп эслайман ўша пайтларни. 

 

(кўйлак танланиб клипга тайёргарлик пайтидан сурат...)


                    Ортиқ акадан интервьюлар хам олиб газеталарга тақдим этганман. Шу бугунги кунгача у санъатга бўлган соф фидоийлиги ва жонкуярлигини ортиқча сўзсиз амалида намоёнлаб исботлаб келди.
Ортиқ Отажоновнинг "Ишқингда" қўшиғини Улуғбек Отажонов қайта куйлаб радиога тақдим этганида, қўшиқ матни муаллифини эски тахаллуси билан куйланганига қайта куйлашни талаб этиб, радиога қўнғироқ қилиб то ўз ўғли қайта тўғирлаб куйлаб тақдим этмагунча эфирдан олиб туришни сўраганини билиб хайратлангандим. 

 

(интервьюимда суратга олгандим 2008-2009й)


Ортиқ ака билан охирги маротаба 2018-йил сентябрь ойида сухбатлагшгандим.  Қўнғироқ қилиб мени излаётганларини ёрдамчиларим айтишганида мен Шахрисабздаги мақом фестивалида эдим. Қайтиб қўнғироқ қилганимда  эфирларга тақдим этилаётган ва "Олтин фонд"дан жой олган қўшиқларни қайта бузиб куйланаётган қўшиқлар хақида куюниб гапиргандилар . Яна бир бора Ортиқ Отажоновнинг санъатдаги жонкуярлиги, санъатга чуқур хурматини ўшанда сезиб қойил қолгандим. 

28-апрель куни хонанда Юлдуз Турдиеванинг альбом тақдимоти маросимида Ортиқ акани тўнғич ўғли Зокир ака билан кўришиб қолдим ва у Ортиқ ака ФАХРЛИ ИНСОН лойихамизни келгуси сонларидан бирига  келишни ният қилганларини айтганди... 


4-апрель, жума куни тушга қадар Ортиқ Отажоновнинг турмуш ўртоғи Гулсара ая оламдан ўтди...
17-май, жума куни тушга қадар Ортиқ Отажоновнинг ўзи хам оламдан ўтди...

 


Жанозадан қайтар эканман, телефонимдан интернетга кириб хабарлар билан таниша туриб келган аудиони босдиму кўзимга ёш келди... ўша болалигимдан мухаббат, вафо, ғам, қайғу, қўйингки жаъми қалб хиссиётларини менга таништирган ўша қўшиқни мунгли ноласи тараларди....
Шу тобда  рафиқасидан ажралгану , шу қўшиқни тинглай - тинглай, айрилиққа чидай олмай  оламдан ўтган тоғам билан бирга мана шу қўшиқ ижрочисини ўз рафиқасидан айрилганига хеч қанча вақт ўтмай, ўзи  хам оламдан ўтганини англаб етиш  ...

 

Ортиқ акани жудаям хурмат қилардим ва жудаям яхши кўрардим. Хурматим бўлакча эдида... Бу хиссиёт то тирик эканман унинг ёрқин хотирасига содиқ. Унинг фидоийлиги ва жонкуярлигига хавас қилардим. Шундай афсона билан тақдир тақозоси билан танишиб, бирга ишлаб, уларга майли-да , кичик хизмат бўлсаям клип олиб бериш ва шу инсонни ишончи ва  хурматига лойиқ бўлганимдан фахрланаман!

Отажоновларга хамдардман....

Бўлим: Arhiv | Кўрилган: 4206 | Чоп этди: Sayyod | Теглар: Ortiq Otajonov

Нравится
Барча изохлар: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *: Email(шартмас):
Код *:
Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!